O‘zLiDeP карталар бўйича SMS-хабарномаларни push-билдиришномалар ва мессенжерлар билан алмаштиришни таклиф қилди
Партия баёнотига кўра, сўнгги йилларда SMS-хабарномалар нархининг ошиши ва уларнинг самарадорлиги пасайиб бораётгани фонида банклар ҳамда тўлов тизимларида муқобил — push-билдиришномалар, мессенжерлар ва бошқа рақамли хабардор қилиш воситаларига ўтиш зарур.

O‘zLiDeP SMS-хабарномаларни push-билдиришномалар ва мессенжерлар билан алмаштиришни таклиф қилди. Тегишли баёнот партиянинг Telegram-каналида эълон қилинган.
Сўнгги уч йил ичида кирувчи SMS-хабарномалар нархи икки бараварга ошиб, 84,2 сўмдан 168,4 сўмга етган. Шу билан бирга, SMS орқали хабардор қилиш самарадорлиги пасаймоқда: хабарлар ҳар доим ҳам ўз вақтида етиб бормайди, узатиладиган маълумот ҳажми чекланган, киберхавфсизлик даражаси эса пастлигича қолмоқда.
“Ушбу соҳадаги хорижий тажриба шуни кўрсатадики, банклар ва тўлов тизимлари фақат битта хабардор қилиш тизимидан, жумладан SMS-хабарномалардан босқичма-босқич воз кечмоқда. Хорижий мамлакатларда SMS ўрнига аҳолига арзон ёки мутлақо бепул бўлган муқобил тизимлар — push ва илова ичидаги (in-app) билдиришномалар, мессенжерлар орқали хабар юбориш, шунингдек электрон почта орқали огоҳлантиришлар жорий этилмоқда”, — дейилади баёнотда.
Масалан, Европа Иттифоқида push ва in-app билдиришномалар фаол жорий этилмоқда. Европа банклари, жумладан Revolut, N26 ва BNP Paribas деярли тўлиқ push-билдиришномаларга ўтган бўлиб, улар орқали операцияларни тасдиқлаш ва карта бўйича маълумотларни олиш йўлга қўйилган. “Бу эса SMS-хабарномалардаги заифликлар орқали код ўғирлаш ҳолатларини камайтиради”, — дея таъкидланди O‘zLiDePда.
Европа, Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларида мессенжерлар орқали хабар юбориш ҳам кенг қўлланмоқда. Сингапурда эса хавфсиз рақамли токенлар (Soft Token) тизими жорий этилган бўлиб, у юқори хавфли операциялар учун бир марталик пароллардан воз кечишни назарда тутади. Мазкур тизим банк иловаси ичида генерация қилинадиган рақамли калитлар орқали ҳаракатларни тасдиқлаш имконини беради ва мобил алоқага боғлиқ эмас.
“Хорижий мамлакатларда бундай янгиликлар банкларнинг операцион харажатларини SMS-хабарномаларга нисбатан 50–70 фоизга камайтиришга олиб келмоқда”, — дейилади баёнотда.
O‘zLiDeP мазкур жиҳатларни инобатга олиб, қуйидаги таклифларни илгари сурди:
- банклар ва тўлов тизими операторларига, хорижий тажрибага асосланган ҳолда, юқори иқтисодий самарадорлик ва киберхавфсизлик даражасига эга муқобил хабардор қилиш тизимларини жорий этиш мажбуриятини юклаш;
- банк карталарини фаоллаштириш ва улардан фойдаланишда фақат битта турдаги хабарнома билан чекланиб қолиш амалиётидан воз кечиш;
- истеъмолчига банк картаси бўйича операцияларни кузатиш учун хабарнома турини мустақил танлаш ҳуқуқини бериш.









