Ўзбекистонликларнинг 34 фоизи ҳеч қандай жамғармага эга эмас — Марказий банк
Марказий банк ўтказган сўровномага кўра, ўзбекистонликларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ҳеч қандай молиявий жамғармага эга эмас. Ҳудудлар кесимида жамғармага эга бўлмаганлар энг кўп Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонликларнинг 34 фоизи ҳеч қандай жамғармага эга эмас. Бу ҳақда Марказий банк сўровномасида келтириб ўтилган.
Сўров натижалари шуни кўрсатадики, фуқароларнинг атиги 20 фоизида банкдаги расмий омонатлар мавжуд. Аҳолининг 23 фоизи ўз маблағларини уйда нақд шаклда сақлашини билдирган. Шунингдек, яна 23 фоиз киши пулларини банк карталарида сақлашни маъқул кўрган.
Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар бўйича таҳлилга кўра, энг кўп жамғармага эга бўлмаганлар Тошкент шаҳридан чиққан бўлиб, у ерда респондентларнинг 38 фоизи жамғармаси йўқлигини айтган. Кейинги ўринларда 37 фоизлик кўрсаткич билан Фарғона вилояти ва Тошкент вилояти қайд этилган.

Аксинча, Навоий шаҳрида жамғармаси йўқ аҳоли улуши энг паст бўлган. Жиззах ва Андижон вилоятларида эса жамғармага эга бўлганлар кўпчиликни ташкил қилса-да, уларнинг аксарияти маблағларини уйда нақд шаклда сақлашни афзал билган.
Банк омонатларидан энг кўп фойдаланувчилар эса Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган — бу ҳудудда банк омонатларидан фойдаланувчилар улуши 31 фоизни ташкил қилган.
Банк хизматлари ва омонат шаклланиши
Аҳолининг 62 фоизи банкоматлар бўйича ҳеч қандай шикояти йўқлигини билдирган. 18 фоизи эса айрим ҳолатларда узилишлар бўлишини, аммо бу норозиликка сабаб эмаслигини айтган. Қолган 20 фоиз эса банкоматлардаги асосий муаммолар сифатида нақд маблағларнинг тез тугаши, банкоматларнинг тез-тез ишламай қолиши ва керакли номиналдаги пул бирлиги мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Омонат маблағларини шакллантиришда ҳам турли ёндашувлар мавжуд:
- 36 фоиз аҳоли банкка бориб, нақд пул орқали омонат қўяди;
- 29 фоиз банк картаси орқали;
- 35 фоиз эса мобил иловалар орқали, банкка бормасдан жамғарма шакллантиради.

Шунингдек, сўровда иштирок этганларнинг 49 фоизи банк мобил иловалари орқали омонат шакллантириш имкониятларидан фойдаланишини билдирган. 37 фоизи бу имконият мавжудлигини билса-да, ундан фойдаланмаслигини, 10 фоизи эса бу хизмат ҳақида умуман бехабар эканини билдирган. Қолган 4 фоиз эса мобил иловалар мавжудлигини билса-да, улар орқали омонат очиш усулини билмаслигини айтган.
Аввалроқ Pinkod банклардаги жисмоний шахслар учун миллий валютадаги омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкаси кетма-кет учинчи ой ҳам камайгани ҳақида ёзган эди.