Ўзбекистонликлар даромади қандай ўзгармоқда?
2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 825,3 трлн сўмга етди. Инфляция таъсири ҳисобга олинганда реал ўсиш 8,4 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар бўйича етакчилик қилган бўлса, Фарғона вилоятида даромадларнинг энг тез ўсиши кузатилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида аҳолининг умумий даромадлари 825,3 трлн сўмни ташкил этди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг номинал ўсиши 18,4 %, инфляция таъси ҳисобга олганда эса реал ўсиши 8,4 % бўлди.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий даромад 21,8 млн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича номинал ўсиш 16,1 %, реал ўсиш эса 6,3 % этиб қайд этилди.
Ҳудудлар бўйича фарқлар
Республика бўйича аҳоли жон бошига умумий даромад 21,8 млн сўм (реал ўсиш — 5,9 %) бўлди. Ҳудудлар кесимида энг юқори даромад Тошкент шаҳрида кузатилди — 52 млн сўм (реал ўсиш — 10,3 %). Бу натижа деярли барча ҳудудлардаги кўрсаткичлардан икки баравар юқори.
Тошкентдан кейинги ўринларда қуйидаги ҳудудлар етакчилик қилди:
- Навоий вилояти — 32,1 млн сўм,
- Бухоро вилояти — 26 млн сўм,
- Хоразм вилояти — 22,8 млн сўм,
- Тошкент вилояти — 21,9 млн сўм.
Энг паст кўрсаткичлар эса қуйидаги ҳудудларда қайд этилди: Қорақалпоғистон Республикаси (14,8 млн сўм), Наманган (15,8 млн), Сурхондарё (16,5 млн), Қашқадарё (17 млн), Жиззах (17,1 млн), Сирдарё (17,2 млн), Самарқанд (18,1 млн), Фарғона (18,5 млн) ва Андижон (19,4 млн сўм).
Реалликда даромадларнинг энг тез ўсиши Фарғона вилояти (13,4 %), Тошкент шаҳри (10,3 %)да кузатилди.
Аҳоли даромадлари манбалари
Аҳоли даромадларининг асосий қисмини меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар ташкил этди. 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида уларнинг улуши 59,9 % ни ташкил этди.
Даромадлар таркиби қуйидагича шаклланди:
- Меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар — 59,9 %,
- Шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлардан олинган даромадлар — 6,6 %,
- Мол-мулкдан олинган даромадлар — 3,3 %,
- Трансферлардан олинган даромадлар — 30,2 %.
Ҳудудлар кесимида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг энг юқори улуши Навоий вилояти (78,0 %) да қайд этилди. Аксинча, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида бу улуш республика ўртача даражасидан паст бўлди.
Тошкент шаҳрида мол-мулк ва шахсий ишлаб чиқариш даромадларининг улуши сезиларли — 20,5 % ни ташкил этди.
Трансферлар улуши Фарғона, Андижон, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 30 % дан юқори бўлди, Навоий вилоятида эса энг паст 13,9 фоизни ташкил қилди.
Ёлланма ишчилар даромадлари
Ҳисобот даврида ёлланма ишчилар даромадлари умумий даромадларнинг 26,1 % ини ташкил этди. Уларнинг ўсиш суръати 21,7 % ни ташкил қилиб, умумий даромадларнинг номинал ҳажмини 5,5 % га оширди.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти ёлланма ишчилар даромадлари улуши ва ўсиш суръати бўйича етакчилик қилди.
Мустақил меҳнат фаолиятидан даромадлар
Мустақил бандликдан олинган даромадлар ўтган йилга нисбатан 15,3 % га ўсди ва умумий даромадларнинг номинал ҳажмига 5,3 % ли ҳисса қўшди.
Энг юқори улуш Жиззах вилоятида (51,8 %), ундан кейин Тошкент вилояти (44,6 %) ва Бухоро вилояти (43,9 %) қайд этилди.
Трансферлартдан олинган даромадлар
Трансфертлардан олинган даромадлар ҳам муҳим манба бўлиб, улар ижтимоий трансферлар ва бошқа жорий трансфертлардан иборат.
2025 йил январ–сентябр ойларида трансфертлардан олинган даромадларнинг номинал ўсиши 122,2 %, уларнинг умумий даромадлардаги улуши эса 30,2 % ни ташкил этди.
Трансфертларнинг 28,6 % и ижтимоий тўловларга, 71,4 фоизи бошқа жорий трансфертларга тўғри келди.
Ижтимоий трансфертлар таркибида:
- пенсиялар — 84,6 %,
- нафақалар — 13,6 %,
- стипендиялар — 1,8 % ни ташкил этди.
Бундан ташқари, хориждан келган пул ўтказмалари аҳолининг умумий даромадлари таркибида 21,5 % улушни ташкил этди.









