Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 13 фоизга ошди
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 3,79 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 13 фоизга ошди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.
2026 йил январь–март ойларида мамлакатга халқаро пул ўтказмалари орқали жами 3,79 млрд доллар маблағ келиб тушган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ёки 433 млн долларга кўпдир.
Йил бошида ўтказмалар ҳажми 1,23 млрд долларни ташкил этган бўлса, февраль ойида бироз пасайиш кузатилган. Март ойига келиб эса ўсиш яна тикланиб, ўтказмалар ҳажми 1,34 млрд долларга етган.
Шу билан бирга, биринчи чоракда Ўзбекистондан хорижга 604 млн доллар миқдорида маблағ юборилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 млн долларга камдир.
2025 йилда Ўзбекистонга хориждан жами 18,9 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган. Бу 2024 йилга нисбатан 4,1 млрд доллар ёки 28 фоизга кўпдир.
Хусусан, Буюк Британиядан келган трансфертлар 39 фоизга, Европа Иттифоқи давлатларидан эса 37 фоизга ошган.
Эътиборлиси, банклар орқали амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 49 фоизга қисқарган. Аксинча, карта орқали карта (П2П) ўтказмалар ҳажми 1,4 бараварга ошиб, 8,6 млрд долларга етган.









