Ўзбекистонга смартфон ва ноутбуклар олиб киришда пасайтирилган божхона тўловлари жорий этилади
Президент қарорига кўра, 2026–2028 йилларда ҳуқуқий эксперимент сифатида бонд омборлари ташкил этилади. Улар орқали махсус электрон савдо платформаларида жисмоний шахсларга товарлар сотиш йўлга қўйилади. Бунда смартфон ва ноутбукларга 5 фоиз ягона божхона тўлови, кийим-кечак ва айрим бошқа товарларга эса ҚҚС ҳамда 3 фоиз божхона божи қўлланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни электрон тижорат соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, мамлакатда янги турдаги эркин омбор — “бонд омборлари” фаолияти жорий этилади ҳамда айрим божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилади.
2026 йил 1 июлдан 2028 йил июлга қадар ҳуқуқий эксперимент сифатида резидент ва норезидентларга жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарларни махсус электрон савдо платформалари орқали чакана сотиш мақсадида уларни вақтинча сақлашга мўлжалланган бонд омборлари ташкил этишга рухсат берилади.
Бонд омборлари эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ташкил этилади. Омбордан товарларни сотиш эса Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги юритадиган махсус электрон савдо платформалари реестрига киритилган платформалар (маркетплейс) орқали амалга оширилади.
Бонд омборларига товарлар эркин омбор божхона режими асосида жойлаштирилади. Ушбу товарларни жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун чакана сотишга рухсат берилади.
Бонд омборидан сотиладиган товарлар жўнатмалар декларацияси асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Бонд омборларидан махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга сотиладиган айрим товарларга нисбатан алоҳида божхона тарифлари қўлланади.
Хусусан, қуйида тоифадаги товарлар жўнатмалар декларацияси асосида жисмоний шахсларга чиқарилганда божхона имтиёзлари қўлланмайди. Бунинг ўрнига амалдаги божхона тўловлари ўрнига уларнинг сотиш қийматидан 5 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади:

Бошқа айрим тоифадаги товарлар учун эса уларнинг сотиш қийматидан ҚҚС ва 3 фоиз божхона божи ундирилади:



Мазкур икки тоифадаги товарларни республика ҳудудида жисмоний шахсларга реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилади.
Агар товарнинг сотиш қиймати декларация қилинган божхона қийматидан паст бўлса, божхона тўловлари божхона қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Юқоридаги икки рўйхатга киритилмаган бошқа турдаги товарлар жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун сотилганда эса божхона имтиёзлари қўлланмайди ва умумий белгиланган тартибдаги божхона тўловлари ундирилади.
Бонд омборига олиб кирилиб, республика ҳудудида жисмоний шахсларга чакана сотилган товарлар бўйича харидор томонидан тўланган ҚҚС суммаси уни бюджетга ўтказиб берувчи шахсда ҳисобга олинмайди.
Шу билан бирга, бонд омборидан чиқарилаётган товарларга нисбатан мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати чораларини қўллаш талаб этилмайди. Бироқ товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва ветеринария соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича жавобгарлик бонд омборлари операторлари зиммасига юкланади.
Қарорга мувофиқ, республика ҳудудидан бонд омборларига махсус электрон савдо платформалари орқали чакана сотиш учун мўлжалланган товарларни жойлаштиришга рухсат берилмайди. Фақат республика ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш учун мўлжалланган товарлар бундан мустасно ҳисобланади.









