Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши камайди
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмалари 13 фоизга ошиб, 3,8 млрд долларга етди.
Шу билан бирга, Россиянинг жами ўтказмалардаги улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача камайиб, бошқа давлатларнинг ҳиссаси ошди.
Россияда патент асосида ишлаётган ўзбекистонликлар сони эса йиллик ҳисобда 1,8 фоизга қисқариб, 1,34 млн нафарни ташкил этди.

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмалари 3,8 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп.
Марказий банкнинг Меҳнат бозори шарҳига кўра, жорий йилнинг январь–март ойларида Россиядан келиб тушган пул ўтказмаларининг жами ўтказмалардаги улуши 72,4 фоизни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 77,6 фоиз эди. Шундай қилиб, Россиянинг улуши бир йил ичида 5,2 фоиз бандга қисқарган.
Марказий банк буни Россияда меҳнат мигрантлари учун патент тўловларининг ошиши, март ойида рублнинг нисбатан қадрсизланиши ҳамда ўзбекистонлик мигрантлар йўналишларининг кенгайиши билан изоҳлаган.
Россиянинг улуши қисқариши фонида бошқа мамлакатлардан келаётган пул ўтказмалари ҳиссаси ошган. Хусусан, Қозоғистоннинг улуши 1 фоиз бандга кўпайиб, 4,1 фоизга, Европа давлатларининг улуши ҳам 1 фоиз бандга ошиб, 3,3 фоизга етган.
Жанубий Кореянинг улуши 0,6 фоиз бандга кўпайиб, 4,1 фоизни ташкил этган. Бошқа давлатларнинг жами улуши эса 2,6 фоиз бандга ошиб, 16,2 фоизга етган.
Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар сони камайди
Пул ўтказмалари географиясидаги ўзгаришлар меҳнат миграцияси йўналишларида ҳам акс этмоқда.
2026 йилнинг биринчи чорагида Россияда патент асосида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,34 млн нафарни ташкил этган. Бу олдинги чоракка нисбатан 8,8 фоиз, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 1,8 фоизга кам.
Айни пайтда Туркия ва Жанубий Корея йўналишларида ўсиш давом этган. Туркияда расмий рухсатнома асосида бўлиб турган ўзбекистонликлар сони қарийб 70 минг нафарга етиб, бир йил ичида 14 фоизга ошган.
Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари сони эса биринчи чорак якунига кўра 99,6 минг нафарга етган. Марказий банк ушбу йўналишда барқарор ўсиш давом этаётганини қайд этган, бироқ аниқ ўсиш суръати келтирилмаган.
Шунингдек, йилнинг дастлабки уч ойида хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 1,63 млн нафарни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 11,6 фоизга ошган. Ҳаво транспортида ташилган йўловчилар сони эса 2,25 млн нафарга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоиз кўпайган.









