Ўзбекистонда ярим йилда кўчмас мулк битимлари сони 25 фоизга ўсди
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 171 мингдан ортиқ кўчмас мулк олди-сотди битими тузилди. Июнь ойининг ўзида битимлар сони 25 мингдан ошиб, майга нисбатан 23 фоизга кўпайди. Ярим йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш Сирдарё вилояти, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида қайд этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, 2026 йилда кўчмас мулк бозоридаги фаоллик сезиларли даражада ошган. Март ойидаги юқори кўрсаткичдан кейин апрель ва майда битимлар сони қисқарган бўлса-да, июнда бозор яна ўсишга қайтган.
Июнь ойида республика бўйича 25 мингдан ортиқ кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилган. Бу май ойига нисбатан 23 фоизлик ўсишни англатади.
Шу билан бирга, битимлар сони 2025 йил июнига нисбатан 20,4 фоизга, 2024 йилнинг мос ойига нисбатан эса 24,9 фоизга юқори бўлган. Бу бозор фаоллиги нафақат бир ойлик пасайишдан тикланганини, балки сўнгги икки йилдаги июнь кўрсаткичларидан ҳам анча юқори даражага чиққанини кўрсатади.
Ойлик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро вилоятида қайд этилган — бу ҳудудда битимлар сони май ойига нисбатан 50,1 фоизга кўпайган. Навоий вилоятида ўсиш 41,5 фоизни, Самарқанд вилоятида эса 31,8 фоизни ташкил этган.

Андижон вилоятида фаоллик 17,9 фоизга, Тошкент вилоятида 12,2 фоизга ошган. Хоразм вилоятида эса ўсиш нисбатан паст бўлиб, 0,9 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, июнда республиканинг барча ҳудудларида битимлар сони кўпайган.
Йиллик динамикада энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилган. Пойтахтда кўчмас мулк битимлари сони 2025 йил июнига нисбатан 35,7 фоизга ошган.

Кейинги ўринларни Сирдарё вилояти 26,9 фоиз, Навоий вилояти 26,3 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикаси 23,3 фоизлик ўсиш билан эгаллаган. Жиззахда ўсиш 5,7 фоизни, Фарғонада 3,6 фоизни, Тошкент вилоятида эса 3,3 фоизни ташкил этган.
Июнь ойидаги барча олди-сотди битимларининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахтда бир ойда 7,8 мингта битим тузилган бўлиб, бу республика бўйича умумий кўрсаткичнинг 30,8 фоизини ташкил этади.
Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, республикада кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 171 мингтадан ошган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги қарийб 136,5 мингта битимга нисбатан 34,5 мингтага ёки 25,3 фоизга кўп.
Ярим йиллик ҳисобда ҳам барча ҳудудларда ижобий динамика сақланган. Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида қайд этилиб, битимлар сони 36,4 фоизга кўпайган. Тошкент шаҳрида ўсиш 34,9 фоизни, Навоий вилоятида эса 30 фоизни ташкил этган.
Нисбатан паст ўсиш Хоразм вилоятида 16,7 фоиз, Бухоро вилоятида 15,4 фоиз ва Фарғона вилоятида 12,1 фоиз даражасида бўлган. Бироқ энг паст кўрсаткич қайд этилган Фарғонада ҳам битимлар сони ўтган йилга нисбатан икки хонали суръатда ошган.









