Ўзбекистонда хусусий банклар давлат банкларидан икки баравар тезроқ ўсмоқда
Ўзбекистонда давлат улуши бўлмаган банклар активлари бир йил ичида 29 фоизга ошиб, 386 трлн сўмга етди. Давлат улуши мавжуд банкларда ўсиш 14 фоизни ташкил қилган. Натижада давлат банкларининг банк тизими активларидаги улуши бир йилда қарийб 3 фоиз пунктга камайиб, 62 фоизгача тушган.

Ўзбекистон банк тизимида давлат улуши бўлмаган банклар активлар ва кредитлар бўйича давлат банкларига қараганда тезроқ ўсмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига тижорат банкларининг жами активлари 1 016,6 трлн сўмни ташкил қилган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 852,4 трлн сўм эди. Шу тариқа, банк тизими активлари бир йил ичида 164,2 трлн сўмга ёки 19,3 фоизга ошган.
Бироқ ўсиш давлат ва бошқа банклар ўртасида бир хил тақсимланмаган.
Давлат улуши мавжуд банкларнинг активлари 2025 йил 1 августдаги 553,1 трлн сўмдан 630,6 трлн сўмга етган. Бу 14 фоизлик ўсишни англатади.
Марказий банк таснифидаги “бошқа банклар”, яъни давлат улуши мавжуд бўлмаган банкларда эса активлар 299,2 трлн сўмдан 386 трлн сўмга ошган. Ўсиш қарийб 29 фоизни ташкил қилган — бу давлат банкларидаги суръатдан икки баравардан кўпроқ.
Натижада банк тизими таркибидаги нисбат ҳам аста-секин ўзгармоқда. Бир йил аввал жами активларнинг 64,9%и давлат улуши мавжуд банкларга тегишли бўлган бўлса, 2026 йил 1 августга келиб бу улуш 62 фоизгача камайган.
Давлат улуши бўлмаган банкларнинг улуши эса шу даврда 35,1 фоиздан 38 фоизгача кўтарилган. Яъни бир йилнинг ўзида активлар бозорининг қарийб 3 фоиз пункти давлат банкларидан бошқа банклар томон силжиган.
Кредитлашда тафовут бундан ҳам катта.
Давлат банкларининг кредит портфели бир йил ичида 392,5 трлн сўмдан 421,9 трлн сўмга ошган. Бу атиги 7,5 фоизлик ўсиш.
Давлат улуши бўлмаган банкларда эса кредитлар 183,8 трлн сўмдан 222,7 трлн сўмга етган ёки 21,2 фоизга кўпайган. Шу тариқа, бу банкларда кредит портфели давлат банклариникидан қарийб 2,8 баравар тезроқ ўсган.
Бунинг натижасида давлат банкларининг жами кредитлардаги улуши ҳам 68,1 фоиздан 65,5 фоизгача тушган. Давлат улуши бўлмаган банкларнинг ҳиссаси эса 31,9 фоиздан 34,5 фоизгача ошган.
Шунга қарамай, кредитлаш бозорида давлат банкларининг устунлиги активлардагига нисбатан ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Ҳозир ҳам Ўзбекистондаги ҳар 100 сўмлик банк кредитининг қарийб 65,5 сўми давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келади.
Депозитларда эса манзара бошқача. Давлат ва бошқа банкларда депозитлар деярли бир хил суръатда ўсган.
Давлат банкларидаги депозитлар 185,5 трлн сўмдан 248,2 трлн сўмга, яъни 33,8 фоизга ошган. Бошқа банкларда эса депозитлар 174,9 трлн сўмдан 234,4 трлн сўмга етиб, 34,1 фоизга кўпайган.
Натижада депозит бозори активлар ва кредитларга қараганда анча тенг тақсимланган. 2026 йил 1 август ҳолатига жами депозитларнинг 51,4 фоизи давлат банкларида, қолган 48,6 фоизи эса бошқа банкларда сақланган.
Умуман, Ўзбекистон банкларидаги депозитлар бир йил ичида 360,4 трлн сўмдан 482,7 трлн сўмга ёки қарийб 34 фоизга ошган. Кредит портфели эса шу даврда 576,2 трлн сўмдан 644,6 трлн сўмга, яъни 11,9 фоизга кўпайган.
Депозитларнинг кредитлардан анча тезроқ ўсиши банк тизимининг кредитларга нисбатан ички ресурс базасини яхшилаган. Жами кредитларнинг депозитларга нисбати бир йил ичида 160 фоиздан 134 фоизгача пасайган.
Бу ўзгариш давлат банкларида айниқса сезиларли. Уларда кредитларнинг депозитларга нисбати 212 фоиздан 170 фоизгача тушган. Давлат улуши бўлмаган банкларда эса кўрсаткич 105%дан 95 фоизгача пасайган.









