Ўзбекистонда халқаро пул ўтказмалари учун миллий платформа яратиш таклиф этилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореядаги ватандошлар билан учрашувида Ўзбекистондаги барча банкларни ягона тизимга бирлаштирадиган миллий молиявий платформа яратиш таклиф қилинди.
Платформа орқали халқаро пул ўтказмалари ва бошқа финтех хизматларини йўлга қўйиб, келажакда Марказий Осиёдаги молиявий оқимларнинг бир қисмини Ўзбекистон орқали ўтказиш таклиф этилмоқда.
Президент ғояни Марказий банк билан бирга ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Таклифни Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик Бегзоджон Истамов билдирди. Унинг фикрича, Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг замонавий молиявий марказига айлантириш учун мамлакатдаги барча банкларни ягона инфратузилмага боғлайдиган миллий платформа яратиш керак.
Платформа Марказий банк назорати остида ишлаши ҳамда пул ўтказмалари ва бошқа финтех хизматларини битта тизимда бирлаштириши таклиф қилинди.
Истамов MoneyGram ва Western Union каби халқаро пул ўтказмалари тизимларини мисол қилиб келтирди. Унинг таклифига кўра, Ўзбекистон ҳам шунга ўхшаш ўз миллий платформасини яратиб, хизматларни кейинчалик нафақат ички бозорга, балки бутун Марказий Осиёга таклиф қилиши мумкин.
Бунда асосий мақсад хориждан Ўзбекистонга пул юбориш учун яна бир хизмат яратиш эмас. Таклиф Ўзбекистон орқали минтақавий пул ўтказмалари ва бошқа молиявий хизматларни амалга ошириш имконини берадиган кенгроқ инфратузилмани шакллантиришни назарда тутади.
Шавкат Мирзиёев Истамовнинг таклифидан сўнг унинг алоқа маълумотларини ёзиб олишни ва масалани Марказий банк раиси Тимур Ишметов билан биргаликда ишлаб чиқишни айтди.
Президент, шунингдек, Истамовга Кореяда орттирган тажрибасидан фойдаланиб, миллий платформа бўйича таклиф тайёрлаш ва лойиҳага ўзи бош бўлишни таклиф қилди.
Гап миллиардлаб долларлик бозор ҳақида кетмоқда
Бундай платформа учун энг йирик йўналишлардан бири халқаро пул ўтказмалари бозори бўлиши мумкин.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хориждан 9,3 млрд доллар пул ўтказилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоиз ёки қарийб 1,1 млрд долларга кўп.
Айни пайтда пул юбориш усуллари ҳам тез ўзгармоқда. Январь–июнь ойларида хориждан келган маблағларнинг 51,7 фоизи ёки 4,8 млрд доллари тўғридан-тўғри банк карталарига P2P ўтказмалари орқали келиб тушган. Ушбу канал орқали тушум бир йил ичида 32 фоизга ошган.
Таққослаш учун, 2025 йилда Ўзбекистонга жами 18,9 млрд доллар пул ўтказилган. Шундан 9,9 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали, яна 8,6 млрд доллари карталарга тўғридан-тўғри P2P шаклида келиб тушган.
Шу тариқа, гап Ўзбекистон учун аллақачон ўнлаб миллиард долларлик бозорга айланган молиявий оқим ҳақида кетмоқда. Агар миллий платформа халқаро бозорда ишлай бошласа, ушбу транзакцияларнинг бир қисмини маҳаллий инфратузилма орқали қайта ишлаш имконияти пайдо бўлиши мумкин.
Марказий банк ҳам шунга яқин инфратузилма устида ишламоқда
Истамовнинг таклифи Ўзбекистонда тўлов инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бошланган лойиҳалар билан ҳамоҳанг.
Марказий банк ва Visa 2026 йил январдаги музокараларда миллий тўлов “switch” тизимини яратиш, ягона QR стандартларини жорий этиш, Open Banking ва ҳисобдан ҳисобга (A2A) пул ўтказмаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.
Регулятор Ўзбекистонни минтақавий финтех марказларидан бирига айлантириш мақсадини ҳам билдирган.
Август ойида Марказий банк Tencent билан Ўзбекистоннинг ягона QR тизимини хорижий тўлов экотизимларига улаш имкониятларини муҳокама қилди. Бундай интеграция хорижликларга Ўзбекистонда ўзлари фойдаланадиган иловалар орқали тўлов қилиш, ўзбекистонликларга эса хорижда QR орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини бериши мумкин.
Ant Group билан музокараларда эса трансчегаравий тўловлар ва финтех хизматларини ривожлантириш ҳамкорликнинг алоҳида йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, август ойида Тошкентда ўтган Silk Road Finance & Technology Forum’да Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг молия ва технология “дарвозаси”га айлантириш мақсади эълон қилинган. Миллий финтех стратегияси доирасида соҳага 1 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Шу сабаб Кореядаги учрашувда билдирилган таклиф мутлақо янги инфратузилмани нолдан яратишдан кўра, Ўзбекистонда шаклланаётган тўлов экотизимини халқаро ва минтақавий даражага олиб чиқиш ғоясига яқин.
Бироқ бундай платформанинг MoneyGram ёки Western Union каби халқаро тизимларга реал муқобил бўлиши учун фақат Ўзбекистон банкларини бирлаштириш етарли эмас. Хорижий банклар ва тўлов тизимлари билан интеграция, валюталараро ҳисоб-китоблар, комиссиялар, мижозларни идентификация қилиш ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши назорат механизмлари ҳам зарур бўлади.
Ҳозирча платформанинг номи, ишга тушириш муддати, бизнес модели ва техник архитектураси маълум қилинмаган.









