Ўзбекистонда таксистлар ўртача қанча пул топади?
2025 йилда Ўзбекистонда такси агрегаторлари орқали ишлаган ҳайдовчилар жами 9,6 трлн сўмлик хизмат кўрсатди. Шундан 15,5 минг нафар ҳайдовчи йил давомида 100 млн сўмдан ортиқ даромад олди, ўртача битта сафар учун тушум эса 20 минг сўмни ташкил этди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда солиқ тизимига 224 та такси хизматини кўрсатувчи агрегатор уланган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълумот берди. Ушбу агрегаторлар орқали йил давомида жами 479 миллион маротаба йўловчи ташилган.
Такси агрегаторларининг умумий айланмаси 2025 йилда 9,6 триллион сўмни ташкил этди. Шундан 6,7 триллион сўми ёки 70,2 фоизи нақд тўловлар ҳиссасига тўғри келди. Қолган 2,8 триллион сўм (29,8 фоиз) эса нақдсиз тўловлар орқали амалга оширилган. Ўртача битта чек миқдори 20 минг сўмни ташкил этди.
Таққослаш учун, 2024 йил якунида агрегаторларнинг умумий айланмаси 6 триллион сўм бўлган. Ўша йили нақдсиз тўловлар улуши 23,7 фоизни, ўртача чек миқдори эса 18,5 минг сўмни ташкил этган.
2025 йил давомида такси агрегаторлари томонидан жами 128,2 миллиард сўм солиқ тўланган. Ушбу сумманинг 63,6 миллиард сўми қўшилган қиймат солиғига (ҚҚС) тўғри келади. 2024 йилда эса агрегаторлар 156,8 миллиард сўм солиқ тўлаган эди.
Ҳайдовчилар ҳақида
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 574,6 минг нафар ҳайдовчи ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритмоқда. Ҳайдовчиларнинг асосий қисми — 59 фоизи — 30–50 ёш оралиғидагилар бўлиб, уларнинг сони 339 минг 681 нафарни ташкил этади.
30 ёшгача бўлган ҳайдовчилар сони 189 минг 547 нафар, 50 ёшдан катталар эса 45 минг 398 нафар. Шунингдек, такси хизматида 4 минг 726 нафар аёл ҳайдовчи ҳам фаолият олиб бормоқда.
2025 йил давомида такси хизматини кўрсатган ҳайдовчиларнинг 15,5 минг нафари 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олган. Даромадлар тақсимоти қуйидагича:
- 50–100 млн сўм — 36,9 минг ҳайдовчи
- 10–50 млн сўм — 143,8 минг ҳайдовчи
- 5–10 млн сўм — 71,8 минг ҳайдовчи
- 1–5 млн сўм — 146,7 минг ҳайдовчи
- 1 млн сўмгача — 159,7 минг ҳайдовчи
Маълумот учун, 2024 йилда 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олган ҳайдовчилар сони атиги 4,7 минг нафар бўлган, 50–100 миллион сўм оралиғида даромад топганлар эса 23,1 минг кишини ташкил этган.
Фойдаланилаётган автомобиллар
2025 йилда такси ҳайдовчилари орасида энг кўп фойдаланилган автомобиль — Cobalt бўлиб, унинг улуши 23,7 фоизни ташкил этди. Ундан кейинги ўринларда Nexia (20,7 фоиз) ва Lacetti (16,7 фоиз) жойлашди.
2025 йилда электромобилларда ишлаётган ҳайдовчилар жами ҳайдовчиларнинг 1,9 фоизини ташкил этди.
Автомобилларнинг ёши бўйича 1 йилдан 3 йилгача бўлган автомобиллар умумий паркнинг 16,5 фоизини ташкил этади. 3–5 йиллик автомобиллар улуши 41,3 фоизга тенг. 5–10 йиллик автомобиллар 11,3 фоизни, 10 йилдан ортиқ автомобиллар эса 26,5 фоизни ташкил этган.









