Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш бир йилда 15 фоиз камайди
2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистонда 21,6 млрд куб метр табиий газ қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 млрд куб метрга кам. Ички ишлаб чиқариш қисқариши фонида газ импорти эса 1,1 млрд долларга етди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июль ойларида 21,6 млрд куб метр табиий газ қазиб олинди.
2025 йилнинг шу даврида ишлаб чиқариш 25,4 млрд куб метрни ташкил этган. Бир йил ичида газ қазиб олиш 3,8 млрд куб метрга ёки 15 фоизга камайган.
Таққослаш учун, 2024 йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистонда 26,3 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган. Шу тариқа, икки йил ичида ишлаб чиқариш 4,7 млрд куб метрга ёки қарийб 18 фоизга қисқарган.
Газ қазиб олишдаги пасайиш умумий саноат ишлаб чиқариши ўсаётган бир пайтда кузатилмоқда. Январь–июль ойларида мамлакатда 795,4 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, реал ўсиш 7,9 фоизни ташкил этди.
Бошқа айрим ёқилғи хомашёларида ҳам пасайиш қайд этилган. Газ конденсати ишлаб чиқариш бир йилда 15,1% га камайиб, 567,5 минг тоннага, кўмир қазиб олиш 12,5% га қисқариб, 3,5 млн тоннага тушган. Нефть қазиб олиш эса 2,7% га камайиб, 368,7 минг тоннани ташкил қилган.
Айни пайтда қайта ишланган айрим нефть маҳсулотларида ўсиш кузатилган. Автомобиль бензини ишлаб чиқариш 8,9% га ошиб, 731,9 минг тоннага, дизель ёқилғиси эса 1,4% га кўпайиб, 683,4 минг тоннага етган.
Газ импорти 1,1 млрд долларга етди
Ички қазиб олишнинг камайиши фонида Ўзбекистоннинг табиий газ импорти ошган. 2026 йил январь–июль ойларида мамлакат 1,1 млрд долларлик газ импорт қилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,2% кўп.
Шу даврда газ экспорти аксинча 36,2% га камайиб, 279,7 млн долларни ташкил этган. Натижада етти ойда газ импортининг қиймати экспортдан қарийб тўрт баравар юқори бўлган.
Фақат июль ойининг ўзида Ўзбекистон 38,3 млн долларлик газ импорт қилган ва 46,8 млн долларлик газ экспорт қилган. Импорт бўйича йилнинг энг юқори ойлик кўрсаткичи июнда қайд этилиб, 247 млн долларни ташкил этган.









