12 014.370 so‘m

increase

40.930

13 280.680 so‘m

decrease

-1.460

146.190 so‘m

increase

1.660

12 014.370 so‘m

increase

40.930

Якин 2 соат ичида
Банк
46

Ўзбекистонда рақамли сўм синовлари 2027 йилда бошланиши режалаштирилмоқда

Марказий банк банклараро ҳисоб-китоблар учун мўлжалланган рақамли валюта платформасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлаган. 

Синовларда банклараро тўловлар, қимматли қоғозлар ва токенлаштирилган депозитлар билан операциялар текширилади. 

Платформани 2028 йилнинг иккинчи чорагидан кенгайтириш масаласи синов натижаларига қараб кўриб чиқилади. 

Ўзбекистонда рақамли сўм синовлари 2027 йилда бошланиши режалаштирилмоқда

Марказий банк 2027 йилнинг иккинчи чорагидан улгуржи рақамли сўм (wholesale CBDC) платформасини тажриба-синов тариқасида ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда регуляторнинг 2027–2029 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсати асосий йўналишлари концептуал лойиҳасида маълум қилинган.

Марказий банк ва Сингапурда жойлашган Global Finance & Technology Network (GFTN) ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида Ўзбекистонда улгуржи рақамли валютани жорий этиш бўйича ишлар бошланган.

Лойиҳа 24 ой давомида уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Биринчи босқич 2026 йилнинг иккинчи чорагидан 2027 йилнинг биринчи чорагигача давом этади. Бу даврда рақамли валюта платформасининг архитектураси ва бизнес модели ишлаб чиқилади, иштирокчилар доираси, операциялар турлари ҳамда ҳисоб-китоб қоидалари белгиланади.

Шунингдек, мавжуд банк ва тўлов тизимлари билан интеграция, киберхавфсизлик, маълумотларни ҳимоялаш ҳамда ҳуқуқий асосларни шакллантириш масалалари ҳал этилиши режалаштирилган.

Иккинчи босқич 2027 йилнинг иккинчи чорагидан 2028 йилнинг биринчи чорагигача бўлган даврда платформа чекланган иштирокчилар билан пилот режимда ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Синов давомида банклараро тўловлар, давлат ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек, токенлаштирилган депозитлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятлари текширилади.

Учинчи босқич 2028 йилнинг иккинчи чорагидан бошланиши мумкин. Бунда синов натижалари, мустақил техник ва киберхавфсизлик аудити ҳамда иқтисодий самарадорлик баҳосига қараб платформа имкониятларини кенгайтириш ва янги иштирокчиларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Рақамли сўм нима ва ундан кимлар фойдаланади?

Марказий банк ишлаб чиқаётган рақамли валюта аҳолининг кундалик тўловлари учун эмас, балки молия ташкилотлари ўртасидаги ҳисоб-китоблар учун мўлжалланган.

Марказий банк рақамли валютаси (CBDC) — регулятор томонидан чиқариладиган пулнинг рақамли шаклидир. У чакана ва улгуржи турларга бўлинади.

Чакана рақамли валютадан фуқаролар ва корхоналар кундалик тўловларда фойдаланиши мумкин. Улгуржи рақамли валюта эса, асосан, банклар ва бошқа рухсат этилган молия ташкилотлари ўртасидаги операциялар учун ишлатилади.

Ўзбекистон айнан иккинчи моделни ўрганмоқда.

Марказий банк сентабр ойида мамлакатда банк карталари, мобил иловалар ва бошқа рақамли тўлов хизматлари етарлича ривожланганини қайд этган эди. Шу сабабли регулятор ҳозирча аҳоли учун алоҳида чакана рақамли сўм тизимини яратишга эҳтиёж кўрмаяпти.

Улгуржи рақамли сўм эса банклараро ҳисоб-китобларни тезлаштириш, қимматли қоғозлар билан операциялардаги хатарларни камайтириш ва янги молиявий инструментлар учун ҳисоб-китоб инфратузилмасини яратишга хизмат қилиши мумкин.

Рақамли сўм қандай ишлайди?

Концептуал лойиҳада рақамли сўмни банкларнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларида сақланаётган резерв маблағлари билан 1:1 нисбатда айирбошлаш механизми назарда тутилган. 

Яъни банклар ўз резерв маблағларини тенг қийматдаги рақамли валютага алмаштириши ва зарурат туғилганда қайта конвертация қилиши мумкин бўлади. Бунда рақамли валюта ва резерв маблағларига фоиз ҳисоблаш, мажбурий захиралаш ҳамда фойдаланиш шартлари бўйича бир хил ёндашувни қўллаш кўзда тутилмоқда.

Марказий банкнинг баҳолашича, бу механизм рақамли валюта жорий этилишининг қисқа муддатли фоиз ставкаларига таъсирини чеклаш имконини беради.

Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши — Delivery versus Паймент (DvP), яъни активни топшириш ва унинг учун тўловни бир вақтнинг ўзида амалга ошириш механизмидир.

Масалан, бир банк бошқа банкдан қимматли қоғоз сотиб олаётган бўлса, рақамли платформа қимматли қоғозга эгалик ҳуқуқи ва унинг учун пул ўтказилишини ўзаро боғлаши мумкин. Бу томонлардан бири ўз мажбуриятини бажариб, иккинчиси бажармаслиги билан боғлиқ ҳисоб-китоб хатарларини камайтиради.

Шунингдек, платформа ҳисоб-китобларни кеча-ю кундуз амалга ошириш имкониятини яратиши мумкин. Бироқ бу имкониятларнинг амалий самарадорлиги ҳали синовларда баҳоланиши керак.

Рақамли сўм қачон тўлиқ жорий этилади?

Марказий банк 2026 йил 24-сентабрда рақамли сўм бўйича 36 ойлик йўл харитасини тақдим этган эди. Ўшанда 2027 йил якунигача лойиҳанинг афзалликларини ўрганиш, 2028 йилда синовдан ўтказиш ва 2029 йилгача тизимни кенгайтириш режалари маълум қилинган.

Янги концептуал лойиҳада эса платформани ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш учун 24 ойлик дастур келтирилган. Унда пилот синовларнинг бошланиши 2027 йилнинг иккинчи чорагига белгиланган, 2028 йилнинг иккинчи чорагидан эса платформани кенгайтириш имконияти кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Шунингдек, 2028 йилда платформани кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиш рақамли сўмнинг шу санада тўлиқ муомалага чиқарилишини англатмайди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+