Ўзбекистонда қайси соҳа вакиллари энг юқори ойлик маош олмоқда?
Ўзбекистонда 2025 йил январь–июнь ойларида ўртача номинал иш ҳақи 5,98 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 17,2 фоизга ошди.
Энг юқори ойлик Тошкент шаҳрида (10,1 млн сўм), энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида (4,1 млн сўм) қайд этилди.
Соҳа кесимида эса молия, IT ва алоқа тармоқлари етакчилик қилмоқда.

2025 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда ўртача номинал ҳисобланган ойлик иш ҳақи 5,98 миллион сўмга етди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга ошган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Ҳудудлар бўйича иш ҳақи
Энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди — бу ерда ўртача ойлик 10,13 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 18,8 фоизга ошган. Иккинчи ўринда Навоий вилояти (7,48 млн сўм, +13,4%), учинчи ўринда эса Тошкент вилояти (5,67 млн сўм, +15,3%) жойлашган.
№ | Ҳудуд | Ўртача иш ҳақи | Йиллик ўсиш |
1 | Тошкент шаҳри | 10 138 400 сўм | 18,8% |
2 | Навоий вилояти | 7 486 400 сўм | 13,4% |
3 | Тошкент вилояти | 5 674 400 сўм | 15,3% |
4 | Андижон вилояти | 4 935 300 сўм | 11% |
5 | Сирдарё вилояти | 4 789 800 сўм | 18% |
6 | Бухоро вилояти | 4 787 300 сўм | 14,8% |
7 | Қорақалпоғистон Республикаси | 4 757 200 сўм | 14,2% |
8 | Хоразм вилояти | 4 720 100 сўм | 15,6% |
9 | Жиззах вилояти | 4 476 800 сўм | 17% |
10 | Фарғона вилояти | 4 443 800 сўм | 16,9% |
11 | Самарқанд вилояти | 4 435 400 сўм | 15,8% |
12 | Наманган вилояти | 4 350 100 сўм | 16,6% |
13 | Сурхондарё вилояти | 4 256 500 сўм | 16,1% |
14 | Қашқадарё вилояти | 4 148 300 сўм | 14,3% |
Бошқа барча ҳудудларда ўртача иш ҳақи 5 миллион сўмдан паст бўлди. Энг паст кўрсаткич Қашқадарё вилоятида қайд этилган — бу ерда ўртача ойлик 4,14 миллион сўмни ташкил қилган. Шунга қарамай, бу ҳудудда ҳам иш ҳақи 14,3 фоизга ошган.
Тармоқлар бўйича иш ҳақи
Тармоқлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақлари банк ва суғурта соҳасида қайд этилган — 16 миллион 250 минг сўм (+13,9%). Ундан кейинги ўринларда ахборот ва алоқа соҳалари — 14 миллион 780 минг сўм (+17%) ҳамда транспорт ва сақлаш хизматлари — 9 миллион сўм (+16%) жойлашган.

Саноат соҳасида ўртача иш ҳақи 7 миллион 170 минг сўмни (+15,4%), савдода 6 миллион 700 минг сўмни (+12,8%), қурилишда эса 5 миллион 880 минг сўмни (+6,1%) ташкил этди.
Энг паст ўртача иш ҳақи эса анъанавий тарзда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кузатилди.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар йўналишида ўртача ойлик 3,69 миллион сўмни ташкил этди (+12,4%). Таълим соҳасида эса умумий ўртача иш ҳақи 4,14 миллион сўм бўлиб, бу йўналишда 18,3 фоизлик ижобий динамикага қарамай, кўрсаткич бошқа тармоқларга нисбатан пастлигича қолмоқда.
Ахборот ва алоқа соҳаси
Ахборот технологиялари соҳасида баъзи йўналишлар бўйича иш ҳақи сезиларли даражада юқори бўлган. Жумладан:
- Компьютер дастурлаш, ИТ-консалтинг ва бошқа хизматлар — 19 миллион 410 минг сўм
- Ахборот хизматлари — 18 миллион 470 минг сўм
- Алоқа хизматлари — 11 миллион 670 минг сўм
Банк ва суғурта соҳаси
Молия соҳасида қуйидаги йўналишлар етакчилик қилган:
- Суғурта — 19 миллион 620 минг сўм
- Суғурта билан боғлиқ ёрдамчи фаолият — 19 миллион 510 минг сўм
- Пенсия ва суғуртага тааллуқли бўлмаган молиявий хизматлар — 15 миллион 890 минг сўм
Таълим тизимидаги ички тафовутлар
Таълим соҳасининг ўзида ҳам иш ҳақи бўйича сезиларли фарқлар мавжуд. Энг юқори ойлик иш ҳақи олий таълим муассасаларида қайд этилган — бу ерда ўртача иш ҳақи 9,57 миллион сўмни ташкил этган.
Техник ва касб-ҳунар таълим муассасаларида бу кўрсаткич 4,26 миллион сўм бўлса, умумтаълим мактабларида ўртача иш ҳақи 4,07 миллион сўмни ташкил қилган. Энг паст ўртача иш ҳақи эса мактабгача таълимда қайд этилган — бу йўналишда ўртача ойлик бор-йўғи 2,2 миллион сўмни ташкил этган.