Ўзбекистонда қайси компаниялар яқин йилларда IPO’га чиқишни режалаштирмоқда?
Ўзбекистонда бир қатор йирик давлат ва хусусий компаниялар маҳаллий ҳамда халқаро фонд биржаларида IPO ўтказишга тайёрланмоқда.
Улар орасида Centrum Holding, “Uzbekistan Airways” ва Uzum бор, Korzinka эса оммавий бозорга чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Энди ҳар йили даромади 1 трлн сўмдан ошадиган яна 50 та маҳаллий корхона махсус акселерация дастури орқали IPOга тайёрланади.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маҳаллий компанияларни капитал бозорига олиб чиқиш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди.
Акселерация дастури нуфузли халқаро инвестиция банклари билан ҳамкорликда йўлга қўйилади. Унда танланган корхоналарнинг корпоратив бошқарув тизими, молиявий ҳисоботи ва бизнес жараёнлари фонд бозори талабларига мослаштирилади.
Бунда компанияларни IPO’га тайёрлаш ҳамда ҳисоботларини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилади.
Президент бу йўналишда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг IPO’сини мисол қилиб келтирди. Жорий йилда 13 та стратегик давлат компаниясидаги улушларга эгалик қилувчи жамғарма акциялари Тошкент ва Лондон фонд биржаларида жойлаштирилди.
IPO якунида UzNIF’нинг 31 фоиз улуши 603,6 млн долларга сотилди. Қўшимча жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағ 690 млн доллардан ошди, инвесторларнинг буюртмалари эса 2,8 млрд долларга етди.
Жамғарма 1,95 млрд долларга баҳоланди. Лондон фонд биржаси ушбу жойлаштирувни Ўзбекистон тарихидаги биринчи халқаро акциялар таклифи сифатида қайд этган.
IPO’га чиқишни режалаштираётган компаниялар
Янги дастур Ўзбекистондаги айрим йирик компаниялар IPO’га тайёргарлик кўра бошлаган бир пайтда эълон қилинди.

Хусусан, йиллик даромади 1 млрд долларга етган Centrum Holding 2027 йилда Лондон фонд биржасида IPO ўтказишни режалаштирмоқда. Компания асосчиси Абдулазиз Абдураҳмоновнинг айтишича, холдинг яқин бир-икки йил ичида оммавий бозорга чиқишга тайёр бўлишни мақсад қилган.
Centrum Holding таркибига юк ва йўловчи авиакомпаниялари, сайёҳлик бизнеси, логистика марказлари, темирйўл вагонлари, порт ва терминаллар киради. Компания 2026–2027 йилларда 100 млн доллардан ортиқ инвестиция киритишни режалаштирган.
Давлат компанияларидан “Uzbekistan Airways”нинг 15–20 фоиз акциясини 2026 йил якунигача халқаро фонд бозорида сотиш мақсад қилинган. Трансформация дастури авиакомпания қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача, яъни қарийб 44 фоизга оширишни назарда тутади.

IPO олдидан “Uzbekistan Airways”да халқаро ҳисобот стандартларини жорий этиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, кредит рейтингини яхшилаш ва айрим активларни компания балансидан чиқариш белгиланган.
Навоий кон-металлургия комбинати ҳам Лондон ва Тошкент фонд биржаларида икки томонлама листинг ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Компания эҳтимолий IPO учун Citigroup, Morgan Stanley ва JPMorgan билан ишламоқда, маслаҳатчи сифатида эса Rothschild & Co. жалб қилинган.

НКМК қарздорликни ҳам ҳисобга олганда қарийб 20 млрд долларлик баҳога эришишни мақсад қилган. Бироқ бу лойиҳа бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган ва жойлаштириш параметрлари ўзгариши мумкин.
2,3 млрд долларга баҳоланган Uzum ҳам яқин уч йил ичида оммавий компанияга айланишни кўзламоқда. Компания АҚШ, Европа, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиёдаги биржаларни эҳтимолий листинг майдонлари сифатида ўрганмоқда. Аниқ муддат ва фонд биржаси ҳозирча танланмаган.
Uzum 2026 йилнинг иккинчи ярми ёки 2027 йил бошида IPO олдидан 250–300 млн доллар миқдорида инвестиция жалб қилишни ҳам режалаштирган. Компаниянинг 2025 йилдаги даромади 691 млн доллар, соф фойдаси эса 176 млн долларни ташкил этган.

Корзинка асосчиси Зафар Ҳошимов ҳам супермаркетлар тармоғини IPO орқали оммавий бозорга олиб чиқиш имконияти кўриб чиқилаётганини айтган. Бироқ компания ҳозирча жойлаштириш муддати, биржа ёки сотиладиган улуш бўйича аниқ қарор қабул қилмаган.

Бундан ташқари, UzNIF портфелидаги “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ўзбектелеком”ни трансформация қилиш ҳамда IPO’га тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ ушбу компанияларнинг алоҳида IPO саналари ва жойлаштириш ҳажми ҳозирча эълон қилинмаган.
Шу тариқа, янги акселерация дастури алоҳида компанияларнинг тарқоқ IPO режаларини мунтазам тизимга айлантириши мумкин. Бироқ йилига 1 млрд доллар жалб қилиш кўрсаткичи ҳозирча дастур олдига қўйилган мақсад бўлиб, амалдаги натижа ҳисобланмайди.









