11 839.590 so‘m

increase

6.220

13 569.350 so‘m

decrease

-8.260

140.420 so‘m

increase

0.630

11 839.590 so‘m

increase

6.220

14 дақиқа аввал
Банк
50

Ўзбекистонда пуллар тобора камроқ долларда сақланмоқда

Ўзбекистон банкларидаги депозитларнинг хорижий валютадаги улуши бир йил ичида 24%дан 19%гача тушди. Шу даврда сўмдаги депозитлар қарийб 43%га ошган бўлса, хорижий валютадаги маблағлар атиги 6,6%га кўпайган.

Ўзбекистонда пуллар тобора камроқ долларда сақланмоқда

Ўзбекистон банкларидаги депозитларнинг валюта таркиби сўм фойдасига тез ўзгармоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига тижорат банкларидаги жами депозитлар 482,7 трлн сўмни ташкил этган. Шундан 92,7 трлн сўми хорижий валютадаги маблағларга тўғри келади. 

Бир йил аввал банклардаги 360,4 трлн сўмлик депозитнинг 86,9 трлн сўми хорижий валютада сақланаётган эди. Натижада валютадаги депозитларнинг умумий депозитлардаги улуши 24%дан 19%гача, яъни 5 фоиз пунктга қисқарган. 

Фарқ депозитлар ўсиш суръатида янада яққол кўринади. Ҳисоб-китобларга кўра, миллий валютадаги депозитлар бир йил ичида 273,5 трлн сўмдан 390 трлн сўмга етиб, қарийб 42,6%га ошган. Хорижий валютадаги депозитлар эса шу даврда 86,9 трлн сўмдан 92,7 трлн сўмга, яъни атиги 6,6%га кўпайган. Жами депозитлар ўсиши 34%ни ташкил этган. 

Бу тенденция фақат охирги ойлар билан чекланмайди. Масалан, 2025 йил май бошида хорижий валюта депозитларнинг 24%ини, ундан бир йил аввал эса 29%ини ташкил этган. Шундай қилиб, икки йилдан сал кўпроқ вақт ичида банк депозитларининг долларлашув даражаси қарийб 10 фоиз пунктга камайган. 

Айни пайтда кредитларда дедолларизация анча секин кечмоқда. Банкларнинг жами кредит портфели бир йил ичида 576,2 трлн сўмдан 644,6 трлн сўмга ошган, хорижий валютадаги кредитлар эса 233,2 трлн сўмдан 249,8 трлн сўмга етган. Натижада валютадаги кредитлар улуши 40%дан 39%гача тушган, холос. 

Шу тариқа, банкларнинг мажбуриятлари томонида сўмга ўтиш кредит портфелига қараганда тезроқ кетмоқда. Депозитларда хорижий валюта улуши бир йилда 5 фоиз пунктга қисқарган бўлса, кредитларда пасайиш атиги 1 фоиз пунктни ташкил этган. 

Депозитларнинг муддат таркиби ҳам ўзгарган. Бир йилгача бўлган муддатли депозитлар 120,5 трлн сўмдан 175,7 трлн сўмга ошиб, умумий депозитлардаги улуши 33%дан 36%гача кўтарилган. Бир йилдан ортиқ муддатли депозитларнинг улуши эса 37%дан 34%гача камайган. 

Марказий банкнинг ушбу статистикаси фақат аҳоли омонатларини эмас, жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги барча депозитларини қамраб олади. 1 август ҳолатига жисмоний шахслар депозитлари 185,2 трлн сўм, юридик шахсларники эса 297,5 трлн сўмни ташкил этган. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+