Ўзбекистонда пенсия ёшини 3 йилга ошириш таклиф қилинди
2028 йилдан пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириб бориш таклиф қилинмоқда. Натижада 2039 йилга келиб эркаклар 63 ёшда, аёллар эса 58 ёшда пенсияга чиқиши мумкин. Пенсия олиш учун талаб қилинадиган энг кам иш стажини ҳам 7 йилдан 15 йилгача узайтириш режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Муҳокама 30 сентябргача давом этади.
Амалдаги тартиб бўйича эркаклар 60 ёшда ва камида 25 йиллик, аёллар эса 55 ёшда ва камида 20 йиллик иш стажи билан тўлиқ ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга. Етарли стажга эга бўлмаганларга камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлса, пенсия ишлаган даврига мутаносиб миқдорда тайинланади. Бу тартиб амалдаги қонунда белгиланган.
Лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январдан пенсия ёши ҳар йили уч ойдан оширилади. Жараён 12 йил давом этиб, 2039 йилда эркаклар учун 63, аёллар учун 58 ёшга етказилади.
Айни пайтда 2027 йилдан умумий пенсия ёшидан бир йил олдин пенсияга чиқиш имконини берувчи тартибни бекор қилиш ҳам таклиф этилмоқда.
Пенсия ёшининг оширилиши даврида фуқароларни ёши сабабли ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилмасликка йўл қўйилмаслиги белгиланиши мумкин. Ишсиз деб тан олинган фуқароларнинг икки йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи, зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаганлар учун имтиёзли пенсиялар сақлаб қолинади.
Бундан ташқари, пенсия олиш учун талаб қилинадиган энг кам иш стажи 2027 йилдан бошлаб ҳар йили бир йилга оширилиб, 2034 йилда 15 йилга етказилиши режалаштирилган. Етарли стаж тўпланмаган фуқароларга умумий пенсия ёшидан беш йил ўтгач ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Пенсияни ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгариши мумкин. Ҳозир пенсия учун охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йиллик иш ҳақи олинади. Лойиҳа ушбу даврни ҳар йили бир йилга кенгайтириб, 20 йилга етказишни назарда тутади. Бунда фуқаронинг энг паст даромад олган даврининг 10 фоизи ҳисоб-китобдан чиқариб ташланади.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳам янги рағбатлар таклиф қилинган. Даромади пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан кам бўлган фуқаро ҳисобварағига ихтиёрий равишда иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат унинг бадалига 50 фоизгача қўшимча маблағ қўшиши мумкин.
Шунингдек, 2030 йилдан жамғарилган пенсия маблағларини оғир касалликни даволаш ёки ипотека кредити учун бошланғич тўлов сифатида ишлатишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.
Жамғариб бориладиган пенсия тизими 2027 йилдан Халқ банкидан Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказилади. Ҳисобварақлардаги маблағлар фуқаронинг шахсий мулки ҳисобланиши ва уларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи сақланиши белгиланган.
Лойиҳада 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақтини жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади.









