Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи яна тарихий рекордни янгилади
АҚШда фоиз ставкалари пасайиши кутилаётгани ва хавфсиз активларга талаб кучайгани фонида 23 декабрь куни олтиннинг жаҳон нархи $4 500 га яқинлашди. Ўзбекистонда эса ўлчовли қуймалар қиймати рекорд даражани қайд этди.

23 декабрь куни Ўзбекистонда ўлчовли олтин қуймаларининг нархи тарихий рекорд даражага етди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Регулятор маълумотларига кўра, 1 грамм олтиннинг нархи 1 млн 773 минг 580 сўмни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 5 граммлик ўлчовли қуйма 8 млн 868 минг сўмдан сотилмоқда.
Марказий банк томонидан эълон қилинган нархларга асосан, олтин қуймалари қуйидаги қийматларда таклиф этилмоқда:
- 5 грамм — 8 млн 868 минг сўм;
- 10 грамм — 17 млн 736 минг сўм;
- 20 грамм — 35 млн 472 минг сўм;
- 50 грамм — 88 млн 679 минг сўм;
- 100 грамм — 177 млн 358 минг сўм.
Жаҳон котировкаларида олтин нархлари 4 500 долларга яқинлашди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо метал 4 487 доллардан савдо қилинмоқда.

Мутахассислар бу ўсишни АҚШда фоиз ставкалари яна пасайтирилиши кутилаётгани, шунингдек, хавфсиз активларга бўлган талабнинг кескин ошиши билан изоҳламоқда. Анъанавий равишда хавфсиз актив сифатида қараладиган олтин геосиёсий ва савдо зиддиятларининг кучайиши, марказий банкларнинг барқарор харидлари ҳамда келгуси йилда фоиз ставкалари пасайиши ҳақидаги кутилмалар фонида қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ долларининг заифлашуви ҳам олтин нархининг ошишига қўшимча туртки бермоқда. Бу ҳолат қимматбаҳо металлни хорижий харидорлар учун нисбатан арзонлаштирмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон 11 ой ичида олтин экспорти бўйича рекорд кўрсаткични қайд этгани ҳақида хабар берилганди.









