Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи тарихий рекордни янгилади
9 сентябр куни 5 граммлик олтин қуймаси илк бор 7,5 миллион сўмдан ошди. Бир грамм олтин нархи эса 1,5 миллион сўмдан юқорилади.

Ўзбекистонда олтин нархи рекорд даражага чиқди.
Марказий банк маълумотига кўра, 9 сентябр куни 5 граммлик олтин қуймаси илк бор 7,5 миллион сўмдан ошиб, 7 миллион 531 минг сўмни ташкил қилди.
Айни пайтда бир грамм қуйма 1,5 миллион сўмдан сал кўпроққа сотилмоқда. Қуймалар нархи қуйидагича белгиланган:
- 5 грамм — 7 млн 531 минг сўм
- 10 грамм — 15 млн 62 минг сўм
- 25 грамм — 30 млн 124 минг сўм
- 50 грамм — 75 млн 310 минг сўм
- 100 грамм — 150 млн 620 минг сўм
Жаҳон бозорида олтин нархи
9 сентябр куни эрталабки савдоларда олтин бир троя унцияси учун 3 650 доллардан ошди ва бу ҳам рекорд кўрсаткич бўлди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металл 3 654 доллардан савдо қилинмоқда.
Аввалроқ Pinkod Goldman Sachs олтин нархи бўйича прогнозини янгилагани ҳақида ёзган эди.
Банкнинг асосий сценарийсига кўра, 2026 йилнинг ўрталаригача бир унция олтин 4 минг долларгача чиқиши мумкин. Агар эса Федерал захира тизими мустақиллигига путур етса, нарх янада кескин ошиб, 5 минг долларгача етиши эҳтимол сифатида айтилмоқда.