Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи кетма-кет иккинчи кун рекорд ўрнатди
13 январь куни Ўзбекистонда олтиннинг бир грамм нархи 1,84 млн сўмга етди. Бу кўрсаткич аввалги кунга нисбатан 2,3 фоизга юқори. Ўсиш жаҳон бозоридаги рекорд нархлар фонида кузатилмоқда.

13-январь куни Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи яна тарихий максимумни қайд этди. Марказий банк маълумотларига кўра, бир грамм олтиннинг нархи 1 843 060 сўмни ташкил этиб, аввалги кунга нисбатан 2,3 фоизга ошди.
Айни пайтда олтин қуймаларининг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари қуйидагича шаклланган:
13.01.2026
| Оғирлиги | Сотиш нархи |
Қайтариб сотиб олиш нархи | |
| қадоғи бут ҳолатда | қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган ҳолатда | ||
5 грамм | 9 215 000 сўм | 8 857 000 сўм | 8 768 000 сўм |
10 грамм | 18 431 000 сўм | 17 715 000 сўм | 17 536 000 сўм |
20 грамм | 36 861 000 сўм | 35 430 000 сўм | 35 072 000 сўм |
50 грамм | 92 153 000 сўм | 88 574 000 сўм | 87 680 000 сўм |
100 грамм | 184 306 000 сўм | 177 148 000 сўм | 175 359 000 сўм |
Жаҳон бозорида ҳам олтин нархи тарихий рекордларни янгилашда давом этмоқда. 12 январь куни бир унция олтин нархи 4 600 АҚШ долларигача кўтарилди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металл 4 584 доллар атрофида савдо қилинмоқда.

Қимматбаҳо металларга бўлган талаб АҚШ президенти Доналд Трамп ва Федерал резерв тизими (FED) раҳбарияти ўртасидаги асосий фоиз ставкаси бўйича келишмовчиликлар фонида кучаймоқда. Трамп иқтисодий фаолликни тезлаштириш мақсадида пул-кредит сиёсатини жадаллик билан юмшатишни талаб қилмоқда.
FED раиси Жером Пауэлл 11 январь куни АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Вашингтондаги регулятор биносини реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти асосий ставкани белгилашдаги мустақил сиёсат сабаб Федерал резерв тизимига босим ўтказмоқда.
Шунингдек, АҚШ меҳнат бозорида эълон қилинган кутилганидан суст кўрсаткичлар ҳамда доллар курсидаги босим олтин нархининг янада ошишига қўшимча омил бўлмоқда.









