12 052.050 so‘m

increase

39.930

13 985.200 so‘m

increase

49.940

165.300 so‘m

decrease

-0.820

12 052.050 so‘m

increase

39.930

1 соат аввал
Банк
55

Ўзбекистонда исломий суғурта, “яшил” кредит ва банк активлари бозорини жорий этиш кутилмоқда

Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик жараёнида келиб тушган 120 та таклиф еттита устувор йўналишга ажратилди. Президент янги молиявий механизмлар бўйича масъулларни белгилаб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан аниқ ечимлар ишлаб чиқишни топширди.

Ўзбекистонда исломий суғурта, “яшил” кредит ва банк активлари бозорини жорий этиш кутилмоқда
Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисида инвесторларнинг платформадаги фаоллиги тобора ортиб бораётганини қайд этди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, кенгашнинг аввалги мажлисида илгари сурилган 21 та ташаббус бўйича аниқ ечимлар қабул қилинган. Инвесторларнинг таклифлари асосида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилган.

«Инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди», — деди президент.

Хусусан, Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай ўзгартиришлар киритилди. Компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молиявий назоратдан чиқарилди, тадбиркорларга асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий компаниялар учун бир қатор мажбурий талаблар бекор қилинди.

Инвесторлар таклифлари асосида «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш бўйича дастур тайёрланди.

Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиши ҳам хорижий инвесторларга тенг ва адолатли шароит яратиш йўлидаги навбатдаги қадам сифатида қайд этилди.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

«Буларнинг барчаси ғояларингиз амалиётда изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин далилидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, кенгашнинг навбатдаги мажлисига тайёргарлик жараёнида хорижий инвесторлар томонидан 120 та янги таклиф ва ташаббус билдирилган. Улар батафсил ўрганилиб, еттита устувор йўналишга бирлаштирилган.

Ушбу йўналишлар инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ тизими, кадастр, энергетика, молия ва банк тизими, корпоратив бошқарув, сунъий интеллект ҳамда рақамли иқтисодиёт масалаларини қамраб олади.

Президент валюта айланмаси устидан мониторинг жараёнларини енгиллаштириш, исломий суғурта, «яшил» кредитлаш ва банк активлари бозорини йўлга қўйиш каби янги молиявий механизмларни жорий этиш таклифлари айниқса долзарб эканини таъкидлади.

Шунингдек, корхоналарда атроф-муҳит, ижтимоий масъулият ва самарали корпоратив бошқарувни қамраб олувчи ESG тамойилларини қўллашни рағбатлантириш таклиф этилди.

Ҳар бир устувор йўналиш бўйича масъуллар белгиланиб, инвесторларнинг таклифларини амалга оширишга қаратилган аниқ ечимлар ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Ўтган даврда кенгаш ҳузуридаги ишчи гуруҳлар томонидан инвесторлар учун 50 дан ортиқ йиғилиш ўтказилган. Уларда муқобил инвестиция жамғармалари, гаров қонунчилиги, масъулиятли бизнес юритиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш ва энергетика соҳаларидаги масалалар хорижий инвесторлар ҳамраислигида муҳокама қилинган.

Мажлисда ишчи гуруҳларга ҳамраислик қилаётган “Vision Invest”, “BDO”, “Crowe”, “OTP Group”, “Franklin Templeton”, “Ernst & Young”, “Costa Legal” ва “ACWA” компаниялари раҳбарларига миннатдорлик билдирилди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+