Ўзбекистонда илк пулли йўллар 2027 йилда ишга туширилади
“Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқ, мамлакатда илк пулли автомобиль йўлларини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Дастлабки 50 километрлик йўл 2027 йилда ишга туширилиши, 2030 йилга бориб эса пулли йўлларнинг умумий узунлиги 130 километрга етказилиши кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегияси қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.
Ҳужжатда мамлакатнинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ҳамда миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланган.
Стратегияга кўра, Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Фарғона водийси ва бошқа йўналишларда умумий узунлиги 130 километр бўлган пулли автомобиль йўлларини қуриш режалаштирилган. Бироқ 2026 йилда бирорта йўналиш бўйича йўллар тўлиқ фойдаланишга топширилмайди.
Дастлабки босқичда 2027 йилда 50 километрлик йўл участкаси ишга туширилиши кутилмоқда.
Шундан сўнг лойиҳа босқичма-босқич кенгайтирилиб, 2028 йилга келиб пулли йўллар узунлиги 75 километрга, 2029 йилда 100 километрга етказилади. 2030 йилга бориб эса уларнинг умумий узунлиги 130 километрни ташкил этиши режалаштирилган.
Стратегияда айнан қайси йўналишда биринчи пулли йўл ишга туширилиши аниқ кўрсатилмаган. Ҳужжатга мувофиқ, йўллар хусусий сектор маблағлари ҳисобидан барпо этилади. Лойиҳа ижроси учун масъул орган этиб Транспорт вазирлиги белгиланган.









