11 979.830 so‘m

decrease

-1.980

13 904.990 so‘m

increase

25.260

164.990 so‘m

decrease

-0.140

11 979.830 so‘m

decrease

-1.980

Якин 33 дақиқа ичида
Банк
37

Ўзбекистонда ҳар учинчи ипотека кредити Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонда 34,7 минг нафар фуқарога 10,6 трлн сўмлик ипотека кредити ажратилди. Кредитлаш ҳажми бир йил аввалги мос даврга нисбатан 32,5 фоизга ошган бўлиб, маблағларнинг 76 фоизи янги уй-жойлар харидига йўналтирилган.

Ўзбекистонда ҳар учинчи ипотека кредити Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, ажратилган ипотека кредитларининг 8 трлн сўми ёки 76 фоизи бирламчи уй-жой бозорига йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 26 495 нафар фуқаро янги қурилган уй-жойларни харид қилган.

Иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун эса 8 268 нафар фуқарога 2,6 трлн сўмлик кредит берилган. Бу жами ипотека кредитларининг 24 фоизига тенг.

Ипотеканинг ўртача суммаси 305 млн сўмдан ошди

Беш ой давомида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ва қарз олувчилар сонидан келиб чиқилса, бир фуқарога тўғри келган ўртача кредит миқдори қарийб 305 млн сўмни ташкил этган.

Кредит олувчиларнинг 56 фоизи эркаклар, 44 фоизи эса аёллар ҳиссасига тўғри келган.

Қарз олувчиларнинг асосий қисмини 31–50 ёшдаги фуқаролар ташкил этди. Ушбу ёш тоифасидаги 22 814 нафар фуқаро жами кредит олувчиларнинг 65 фоизини ташкил қилган. Шунингдек:

  • 18–30 ёшдагилар — 8 564 нафар ёки 25 фоиз;
  • 51 ёшдан юқорилар — 3 385 нафар ёки 10 фоиз.

Фоиз ставкалари 16,8–21,7 фоиз оралиғида

Ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси молиялаштириш манбасига қараб фарқланган.

Республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларнинг ўртача ставкаси 16,8 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан берилган кредитлар 21,5 фоиз, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотекалар эса ўртача 21,7 фоиздан расмийлаштирилган.

Ҳар учинчи ипотека Тошкент шаҳрига тўғри келган

Ҳудудлар орасида энг катта ипотека ҳажми Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда беш ой давомида 3,32 трлн сўмлик кредит ажратилган. Бу мамлакат бўйича жами ипотеканинг қарийб 31 фоизига тенг.

Кейинги ўринларни:

  • Андижон вилояти — 897 млрд сўм;
  • Қашқадарё вилояти — 794 млрд сўм;
  • Сурхондарё вилояти — 693 млрд сўм;
  • Фарғона вилояти — 682 млрд сўм эгаллаган.

Энг кам ипотека кредити Сирдарё вилоятида — 283 млрд сўм ҳамда Жиззах вилоятида — 329 млрд сўм миқдорида ажратилган.

Халқ банки ипотека бозорида етакчи

Банклар кесимида Халқ банки 1,88 трлн сўмлик ипотека кредити билан биринчи ўринни эгаллади. Агробанк 1,56 трлн сўм, Миллий банк 1,48 трлн сўм, Ипотека-банк эса 1,25 трлн сўмлик кредит ажратган.

Шунингдек, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан 930 млрд сўм, Микрокредитбанк томонидан 574 млрд сўм, Асакабанк томонидан 441 млрд сўмлик ипотека кредитлари берилган.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг дастлабки беш ойида тижорат банклари томонидан 8 трлн сўмлик ипотека кредити ажратилган эди. Жорий йилда кўрсаткичнинг 10,6 трлн сўмга етиши уй-жой харидига талаб ва ипотека орқали молиялаштириш ҳажми ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+