Ўзбекистонда фильмлар бўйича қидирув натижаларининг 72 фоизи пират сайтларга олиб бориши аниқланди
Ўзбекистонда машҳур фильм ва сериалларни интернетдан қидиришда биринчи саҳифада чиқадиган ҳаволаларнинг 72 фоизи ноқонуний контент тарқатувчи сайтларга олиб бориши аниқланди. Киберхавфсизлик компанияси F6 тадқиқотига кўра, бундай сайтларнинг қарийб 39 фоизи фойдаланувчилар учун хавфли ҳисобланади. Қозоғистонда эса бу кўрсаткичлар мос равишда 63 ва 58,8 фоизни ташкил этган.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш технологияларига ихтисослашган F6 компанияси Ўзбекистон ва Қозоғистондаги интернет-пиратлик бозорини ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижалари 22 октябрь куни эълон қилинди.
Компаниянинг Digital Risk Protection бўлими мутахассислари машҳур фильм ва сериалларга оид 50 та қидирув сўрови натижаларини таҳлил қилган. Унга кўра, Ўзбекистонда қидирув тизимининг биринчи саҳифасидаги ҳаволаларнинг 72 фоизи пират ресурсларга тегишли бўлган. Қозоғистонда бу улуш 63 фоизни ташкил этган.
Фақат қидирув натижаларининг биринчи ўрнида жойлашган ҳаволалар ҳисобга олинганда, Ўзбекистонда уларнинг 66 фоизи ноқонуний контент тарқатувчи сайтларга олиб борган. Қозоғистонда бу кўрсаткич 84 фоиз, Россияда эса атиги 1 фоиз бўлган.
Тадқиқотда ҳар икки мамлакатдаги пират контент бозорининг асосий қисмини рус тилидаги сайтлар ташкил этиши аниқланган.
Хусусан, Ўзбекистонда ўрганилган хорижий фильмнинг ноқонуний нусхаларини тарқатувчи сайтларнинг 95 фоизи рус тилидаги ресурслар бўлган. Маҳаллий сайтлар улуши эса 5 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистон фильмлари мисолида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Тадқиқот учун танланган маҳаллий фильмни ноқонуний тарқатаётган сайтларнинг 86 фоизи рус тилидаги, қолган 14 фоизи эса Ўзбекистонга тегишли ресурслар бўлган.
Пират сайтларнинг қарийб 39 фоизи хавфли
F6 мутахассислари ноқонуний контент тарқатувчи сайтларнинг фойдаланувчилар учун хавфсизлик даражасини ҳам баҳолаган.
Натижаларга кўра, Ўзбекистонда текширилган пират сайтларнинг 38,9 фоизи хавфли деб таснифланган. Яна 52,9 фоизи нисбатан хавфсиз, атиги 8,2 фоизи эса хавфсиз деб баҳоланган.
Қозоғистонда вазият бошқачароқ: пират сайтларнинг 58,8 фоизи хавфли, 36,5 фоизи нисбатан хавфсиз ва 4,7 фоизи хавфсиз деб топилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ресурслар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ошкор бўлиши ёки қурилмаларига зарарли дастурлар ўрнатилиши хавфини оширади.
Айниқса, фильмларни интернетга уланмасдан томоша қилиш учун юклаб олинадиган торрент файллари алоҳида хавф туғдиради. Улар орқали пароллар ва бошқа маълумотларни ўғирловчи дастурлар, криптовалюта майнинги воситалари, троянлар ҳамда қурилмани масофадан бошқаришга мўлжалланган зарарли дастурлар тарқатилиши мумкин.
Ноқонуний фильмлар Telegram орқали ҳам кенг тарқалмоқда
Тадқиқотда пират контентнинг ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва қонуний видеохостинглар орқали тарқатилиши ҳам ўрганилган.
Ўзбекистонда ушбу каналлар орқали аниқланган ноқонуний нусха тарқатиш ҳолатларининг 93 фоиздан ортиғи Telegram ҳиссасига тўғри келган. Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 97 фоиздан ошган.
Бундан ташқари, 2026 йилда рус тилида сўзлашувчи МДҲ мамлакатлари аудиториясига мўлжалланган FlixCDN номли янги ноқонуний видео тарқатиш хизмати пайдо бўлган. F6 маълумотига кўра, мазкур хизмат Ўзбекистон ва Қозоғистонда мавжуд, бироқ Россияда ишламайди.
Компания интернет-пиратлик кино ва сериаллар муаллифларига иқтисодий зарар етказиш билан бирга, фойдаланувчиларнинг киберхавфсизлигига ҳам таҳдид туғдиришини таъкидлаган.
Шу сабабли мутахассислар фильмларни лицензияланган платформаларда томоша қилиш, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик ва ноқонуний торрент файлларини юклаб олмасликни тавсия этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, тадқиқот натижалари барча интернет қидирувлари ёки Ўзбекистондаги барча кино сайтларини қамраб олмайди. Келтирилган 72 фоизлик улуш айнан танланган 50 та қидирув сўрови натижаларига асосланган.









