11 937.890 so‘m

decrease

-10.690

13 769.160 so‘m

decrease

-24.280

141.760 so‘m

decrease

-2.530

11 937.890 so‘m

decrease

-10.690

Якин 1 соат ичида
Иқтисодиёт
25

Ўзбекистонда бизнес фаолиятига энг кўп нималар тўсқинлик қилмоқда?

Ўзбекистондаги тадбиркорлар корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашига энг кўп газ ва электр таъминотидаги узилишлар халақит бераётганини билдирди. Ички талабнинг етарли эмаслиги, логистика муаммолари, автоёнилғи нархининг ошиши ва айланма маблағ танқислиги ҳам асосий чекловлар қаторидан жой олди.

Ўзбекистонда бизнес фаолиятига энг кўп нималар тўсқинлик қилмоқда?

Бу ҳақда Марказий банкнинг 2026 йил II чорак учун бизнес кайфияти шарҳида маълум қилинди. Сўров июль ойида ўтказилиб, унда барча ҳудудлардан 2 391 нафар тадбиркор қатнашган.

Энергия таъминотидаги узилишлар деярли барча ҳудудларда энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги респондентларнинг қарийб 35 фоизи айрим кунларда ишламаслигига газ ва электр узилишларини сабаб қилиб кўрсатган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 21 фоиз атрофида эди.

Тошкентда талабнинг етарли эмаслигини қайд этганлар улуши ҳам 12 фоиздан қарийб 23 фоизгача ошган. Логистика билан боғлиқ узилишлар эса бир йил ичида тахминан 6 фоиздан 19 фоизгача кўпайган.

Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳам газ ва электр узилишлари биринчи ўринда турибди. Кейинги асосий муаммолар сифатида талабнинг етарли эмаслиги, айланма маблағ танқислиги ва маҳсулот етказиб беришдаги узилишлар кўрсатилган.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида вазият бироз бошқача: бу ҳудудларда талабнинг етарли эмаслиги энергия таъминотидаги узилишлардан бироз юқорироқ туради. Логистика муаммолари ва айланма маблағ етишмаслиги ҳам корхоналар фаолиятини чеклаётган омиллар қаторига кирган.

Қашқадарё ва Сурхондарёда, шунингдек, Жиззах ва Сирдарёда газ ҳамда электр узилишлари асосий тўсиқ бўлиб қолган. Тадбиркорлар ички талабнинг сустлиги, логистика муаммолари ва автоёнилғи нархининг қимматлашишини ҳам қайд этган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида энергия узилишларини кўрсатган респондентлар улуши 35 фоизга яқинлашган. Бу ҳудудларда логистика, айланма маблағ танқислиги ва автоёнилғи нархи ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан юқори чеклов сифатида кўрсатилган.

Шунга қарамай, мамлакат бўйича юқори қувватда ишлаётган корхоналар улуши бир йил ичида 50 фоиздан 58 фоизгача ошган. Респондентларнинг 64 фоизи бизнес шароитлари ўтган йилга нисбатан яхшиланганини билдирган. 2025 йил II чорагида бундай фикрдаги тадбиркорлар улуши 61 фоиз эди.

Ижобий баҳоларга банк хизматлари сифатининг ошиши, рақобат муҳитининг яхшиланиши ва лицензия олиш жараёнларининг соддалашиши таъсир қилган. Бироқ энергия таъминоти, монополлашув, маъмурий аралашувлар ва божхона тарифлари бўйича сезиларли ўзгариш кузатилмаган.

Сўровда иштирок этганларнинг 42 фоизи сўнгги уч ойда қарз мажбуриятлари ошганини билдирган. Бундан ташқари, 45 фоиз респондент келгуси даврда ҳам қарз юки кўпайишини кутмоқда.

Айни пайтда тадбиркорларнинг ўрта муддатли кутилмалари ижобий. Уларнинг 82 фоизи келгуси уч йил ичида мамлакатдаги макроиқтисодий шароитлар яхшиланишига ишонмоқда. Бир йил аввал бу кўрсаткич 66 фоизни ташкил этган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+