12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

13 699.000 so‘m

increase

49.240

154.740 so‘m

decrease

-5.210

12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

Якин 1 соат ичида
Банк
39

Ўзбекистонда банк тизимининг долларлашув даражаси камаймоқда

2026 йил 1 июнь ҳолатига Ўзбекистон банкларидаги депозитларнинг 19 фоизи хорижий валютада сақланмоқда. Бир йил аввал бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этган эди. Шу билан бирга, сўмдаги депозитлар валютадаги омонатларга қараганда анча тез ўсган.

Ўзбекистонда банк тизимининг долларлашув даражаси камаймоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, тижорат банкларидаги жами депозитлар ҳажми бир йил ичида 345,6 трлн сўмдан 460,6 трлн сўмга етди. Ўсиш 115 трлн сўм ёки 33,3 фоизни ташкил этди.

Шундан миллий валютадаги депозитлар 372,5 трлн сўмга етган. Бу 2025 йил 1 июндаги 261,5 трлн сўмга нисбатан 111 трлн сўм ёки 42,4 фоизга кўп.

Хорижий валютадаги депозитларнинг сўмдаги эквиваленти эса шу даврда 84,1 трлн сўмдан 88,1 трлн сўмга ошган. Ўсиш 4 трлн сўм ёки 4,8 фоизни ташкил этган.

Натижада жами депозитлар таркибида хорижий валютадаги маблағлар улуши 24 фоиздан 19 фоизгача камайган. Миллий валютадаги депозитлар улуши эса 76 фоиздан 81 фоизгача кўтарилган. Яъни депозитлар бозоридаги йиллик ўсишнинг қарийб 97 фоизи сўмдаги маблағлар ҳисобига таъминланган.

Бу жараён ички валюта бозоридаги тенденциялар билан ҳам бир вақтда кузатилмоқда. 2026 йил январь–май ойларида жисмоний шахслар банкларга 11,6 млрд доллар миқдорида хорижий валюта сотган, банклардан эса 5,5 млрд доллар харид қилган. Яъни аҳоли сотган валюта харид қилганидан 2,1 баравар ёки 6,1 млрд долларга кўп бўлган.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг мос даврида аҳоли банкларга 7,3 млрд доллар сотиб, 5,0 млрд доллар харид қилган эди. Бир йил ичида аҳоли томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми 59 фоизга ошган.

Банк тизимининг бошқа кўрсаткичларида ҳам долларизациянинг пасайиши кузатилган. Хорижий валютадаги активларнинг жами активлардаги улуши бир йил ичида 40 фоиздан 35 фоизгача, валютадаги кредитлар улуши эса 41 фоиздан 39 фоизгача тушган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+