12 073.290 so‘m

increase

21.580

14 158.350 so‘m

increase

149.440

155.160 so‘m

increase

0.470

12 073.290 so‘m

increase

21.580

1 кун аввал
Технология
121

Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay кириб келишига тўсиқ бўлган қонун ўзгармоқда

Қонунчилик палатаси “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишларни қабул қилди. Илгари халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистонга киришига тўсиқ бўлиб келган нормалар қайта кўриб чиқилиб, ҳужжат Сенатга юборилди.

Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay кириб келишига тўсиқ бўлган қонун ўзгармоқда
Фото: AI/Pinkod.uz

Қонунчилик палатасининг 20 январь кунги мажлисида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Ўзгаришлар мамлакатга етакчи хорижий платформалар жумладан Apple Pay, Google Pay ва бошқаларни олиб киришни назарда тутади.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида мажбурий сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар турларини аниқ белгилашни кўзда тутади. Шунингдек, айрим шахсий маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлаш шартлари, жумладан ахборот хавфсизлиги талаблари, халқаро стандартлар ҳамда ваколатли органлар белгилаган меъёрларга риоя этиш тартиби назарда тутилмоқда.

Мажлисда таъкидланишича, мазкур ўзгартишлар халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонга жалб этиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, рақамли хизматлар бозорини кенгайтириш ҳамда фуқаролар ва сайёҳлар учун замонавий тўлов имкониятларини яратишга хизмат қилади.

Қайд этилишича, мамлакатда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан замонавий рақамли тўлов тизимларини жорий этиш ва халқаро онлайн тўлов компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланиб, Сенат кўриб чиқишига тақдим этилди. Юқори палата томонидан тасдиқланганидан сўнг ҳужжат президент имзолашига киритилади.


Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил ноябрь ойида АҚШга амалга оширган ташрифи чоғида рақамли платформаларни тартибга солиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликни янгилаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда халқаро онлайн тўлов тизимларини жорий этиш ташаббуси 2024 йилда ҳам илгари сурилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Туризм қўмитасига Apple Pay, Google Pay, PayPal, Alipay ва UniPay каби компаниялар билан музокаралар ўтказиш ҳамда уларнинг хизматларини миллий тўлов тизимларига мослаштириш бўйича топшириқлар берилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+