Ўзбекистон–АҚШ қўшма инвестиция платформаси йил охиригача ишга тушиши кутилмоқда
АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) Ўзбекистонга хорижий инвесторларни жалб этиш ва йирик лойиҳаларни молиялаштиришда яқиндан кўмаклашади.
Томонлар йил охиригача янги инвестиция платформасини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон ва DFC ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида батафсил:

АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) Ўзбекистонга хорижий инвесторларни жалб этишда яқиндан кўмаклашади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
7 апрель куни Саида Мирзиёева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси DFC бош директори Бен Блек билан музокаралар ўтказди. Учрашувда қуйидаги расмийлар иштирок этди:

- Комил Алламжонов — Президент Администрацияси маслаҳатчи-элчиси;
- Нозимахон Давлетова — Президент Администрацияси Ташқи алоқалар департаментининг Ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бошқармаси бошлиғи;
- Лазиз Қудратов — Инвестициялар, саноат ва савдо вазири;
- Фурқат Сидиқов — Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси.
Музокаралар чоғида томонлар “кенг кўламли лойиҳалар портфели”ни муҳокама қилдилар. DFC Ўзбекистонга америкалик инвесторларни жалб қилишда ёрдам беришга ва юзага келиши мумкин бўлган молиявий хавфларни ўзаро тақсимлашга тайёрлигини билдирди.
"Шунингдек, жорий йилда қўшма инвестиция платформасини ишга туширишни режалаштирмоқдамиз", — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал АҚШ пойтахтида Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Кенгаш фаолияти инвестицияларни жалб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва стратегик лойиҳаларни илгари суришга қаратилган.

DFC ўзи нима ва у нима билан шуғулланади?
DFC (U.S. International Development Finance Corporation) – АҚШнинг халқаро тараққиёт молия институти бўлиб, ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма, энергетика, соғлиқни сақлаш ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий капитални сафарбар қилиш билан шуғулланади.
Ташкилот нафақат йирик молиявий маблағлар ажратади, балки сармоядорлар учун сиёсий хатарларни суғурталаш, қарз билан таъминлаш каби кафолат хизматларини ҳам кўрсатади. Бу эса хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига ишонч билан кириб келишига замин яратади.
Ўзбекистон ва АҚШнинг қўшма инвестиция платформасини яратиш режалари ҳақидаги маълумотлар илк бор Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил ноябрь ойида Вашингтонга ташрифи чоғида пайдо бўлган эди. Президент Бен Блек билан устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун платформа яратишни жадаллаштириш чораларини, шунингдек, Тошкентда DFC минтақавий офисини очиш масалаларини муҳокама қилган.

Кейинчалик АҚШ Ўзбекистон билан муҳим фойдали қазилмалар бўйича стратегик келишув имзолади. DFC баёнотига кўра, ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни бутунлай янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Режага кўра, инвестициялар муҳим фойдали қазилмалар қиймат занжирининг барча босқичларини, жумладан геологик қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлашни қамраб олади. Шунингдек, келгусидаги минерал ва инфратузилма лойиҳалари учун АҚШ–Ўзбекистон Қўшма инвестиция холдинг компаниясини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
DFC баёнотига кўра, Ўзбекистон билан тузилган келишув “умумий иқтисодий манфаатларни илгари суриш, шунингдек муҳим фойдали қазилмалар, инфратузилма ва энергетика каби стратегик соҳаларда қўшма инвестицияларни рағбатлантиришга” хизмат қилади.









