12 017.040 so‘m

increase

26.780

13 712.640 so‘m

decrease

-25.800

160.630 so‘m

decrease

-1.600

12 017.040 so‘m

increase

26.780

2 соат аввал
Банк
59

Ўзбекистон ёки Қозоғистон: биринчи чоракда қайси мамлакат банк тизими кўпроқ соф фойда олди?

2026 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон банклари Ўзбекистон банкларига нисбатан қарийб 2,7 баравар кўп соф фойда олди. 

Қозоғистонда банклар фойдаси йиллик ҳисобда 10,8 фоизга камайган бўлса, Ўзбекистонда 61,6 фоизга ошди. 

Шунга қарамай, активлар ва капитал рентабеллиги бўйича ҳам Қозоғистон банк тизими юқорироқ натижа қайд этган. 

Ўзбекистон ёки Қозоғистон: биринчи чоракда қайси мамлакат банк тизими кўпроқ соф фойда олди?
Фото: AI/Pinkod.uz

2026 йилнинг январь–март ойларида Қозоғистон банк тизимининг соф фойдаси 592 млрд тенгени ташкил этди. Чорак якунидаги расмий валюта курси бўйича бу қарийб 1,24 млрд долларга тенг.

Ўзбекистон тижорат банклари эса шу даврда 5,52 трлн сўм ёки қарийб 458 млн доллар соф фойда олган.

Шу тариқа, доллар ҳисобида Қозоғистон банкларининг биринчи чоракдаги соф фойдаси Ўзбекистон банклариникидан қарийб 2,7 баравар кўп бўлган.

КўрсаткичЎзбекистонҚозоғистон
Банклар сони34 та23 та
Соф фойда5,52 трлн сўм592 млрд тенге
Доллар эквивалентидақарийб $458 млнқарийб $1,24 млрд
Йиллик ўзгариш+61,6%−10,8%
Активлар рентабеллиги — РОА2,6%3,9%
Капитал рентабеллиги — ROE16%26,4%

Фарқ фақат бозор ҳажми билан боғлиқ эмас

Қозоғистон банк тизими Ўзбекистондагидан каттароқ. 2026 йил 1 апрель ҳолатига Қозоғистон банкларининг жами активлари 70,5 трлн тенгени ёки қарийб 147,4 млрд долларни ташкил қилган.

Ўзбекистонда банк тизими активлари 959,4 трлн сўм ёки қарийб 79,6 млрд долларга тенг бўлган.

Демак, Қозоғистон банк тизими активлар ҳажми бўйича Ўзбекистондагидан қарийб 1,9 баравар катта. Соф фойдадаги фарқ эса 2,7 бараварни ташкил қилмоқда.

Бу Қозоғистон банкларининг кўпроқ фойда олишини фақат бозор ҳажмининг катталиги билан тушунтириш етарли эмаслигини кўрсатади. Банклар мавжуд активлардан қанчалик самарали даромад олаётгани ҳам муҳим.

Қозоғистон банклари активларидан кўпроқ фойда олмоқда

Банкларнинг даромадлилигини таққослашда активлар рентабеллиги — РОА ва капитал рентабеллиги — ROE кўрсаткичлари қўлланилади.

РОА банк ўз тасарруфидаги активлардан қанча даромад олаётганини, ROE эса акциядорлар киритган капитал қанчалик самарали ишлаётганини кўрсатади.

Биринчи чорак якунида Қозоғистон банк тизимининг активлар рентабеллиги 3,9 фоизни ташкил қилган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 2,6 фоиз даражасида бўлган.

Капитал рентабеллигида тафовут янада катта. Қозоғистон банкларида ROE 26,4 фоизни, Ўзбекистонда 16 фоизни ташкил этган.

Яъни Қозоғистон банклари нафақат кўпроқ активга эга, балки ушбу активлар ва ўз капиталидан Ўзбекистон банкларига нисбатан юқорироқ даромад олмоқда.

Ўзбекистонда фойда тезроқ ошган

Мутлақ фойда ва рентабеллик бўйича Қозоғистон олдинда бўлса-да, йиллик динамика Ўзбекистон фойдасига бўлган.

2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон банкларининг соф фойдаси 3,42 трлн сўмни ташкил қилган эди. 2026 йилнинг шу даврида кўрсаткич 5,52 трлн сўмга етган.

Бир йил ичида банклар фойдаси 2,1 трлн сўмга ёки 61,6 фоизга ошган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон банк тизимининг активлар рентабеллиги 2,1 фоиздан 2,6 фоизгача, капитал рентабеллиги эса 11,6 фоиздан 16 фоизгача кўтарилган.

Қозоғистонда эса банкларнинг соф фойдаси бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 10,8 фоизга камайган. 

Битта банкка қанча фойда тўғри келади?

Қозоғистонда 2026 йил 1 апрель ҳолатига 23 та иккинчи даражали банк фаолият юритган. Ўзбекистонда эса тижорат банклари сони 34 тани ташкил қилган.

Соф фойда барча банклар ўртасида тенг тақсимланган, деган шартли ҳисобда Қозоғистонда битта банкка ўртача 53,8 млн доллар фойда тўғри келади.

Ўзбекистонда эса битта банкнинг ўртача чораклик фойдаси қарийб 13,5 млн долларни ташкил қилади.

Бу Қозоғистондаги оддий ўртача кўрсаткич Ўзбекистондагидан қарийб тўрт баравар юқори эканини англатади.

Бироқ ушбу ҳисоб банклар ўртасидаги ҳақиқий тақсимотни кўрсатмайди. 

Энг кўп фойдани қайси банклар олди?

Ўзбекистонда биринчи чорак якунига кўра энг кўп соф фойда олган банк “Ипотека-банк” бўлди. Bank 846,4 млрд сўм соф фойда қайд этиб, мамлакат банк тизимидаги жами фойданинг 15 фоиздан ортиғини шакллантирди.

Иккинчи ўринни 603,2 млрд сўм билан “Ўзмиллийбанк” эгаллаган бўлса, “Ўзсаноатқурилишбанк” 550 млрд сўмлик натижа билан кучли учликни якунлади.

Ўзбекистондаги энг даромадли бешта банк:

  1. “Ипотека-банк” — 846,4 млрд сўм;
  2. “Ўзмиллийбанк” — 603,2 млрд сўм;
  3. “Ўзсаноатқурилишбанк” — 550 млрд сўм;
  4. “Ҳамкорбанк” — 467,7 млрд сўм;
  5. “Халқ банки” — 326 млрд сўм.

Мазкур бешта банк жами 2,79 трлн сўм соф фойда олган. Бу Ўзбекистон банк тизимининг биринчи чоракдаги умумий фойдасининг қарийб 51 фоизига тенг.

“Ипотека-банк”даги натижа айниқса кескин ўзгариш бўлди. Bank 2025 йилнинг биринчи чорагини 30,7 млрд сўмлик зарар билан якунлаган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида соф фойда бўйича тизим етакчисига айланди.

Қозоғистонда эса соф фойданинг катта қисми иккита йирик банкда жамланган.

Биринчи чоракда Halyk Bank 210,1 млрд тенге соф фойда олиб, мамлакат банк тизимида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринда 110,6 млрд тенге билан Kaspi Bank турибди. Фақат шу икки банкнинг ўзида Қозоғистон банк тизими соф фойдасининг 54 фоиздан ортиғи жамланган.

Қозоғистондаги энг даромадли бешта банк:

  1. Halyk Bank — 210,1 млрд тенге;
  2. Kaspi Bank — 110,6 млрд тенге;
  3. Bank CenterCredit — 54 млрд тенге;
  4. ForteBank — 32,7 млрд тенге;
  5. Otbasy Bank — 31,9 млрд тенге.

Ушбу бешта банкнинг жами соф фойдаси 439,3 млрд тенгени ташкил қилган. Бу мамлакат банк тизимидаги 592,3 млрд тенгелик умумий фойданинг қарийб 74 фоизига тенг.

Бироқ Қозоғистондаги етакчи банкларнинг аксариятида йиллик пасайиш кузатилган. Halyk Bank фойдаси 15 фоизга, Kaspi Bank’ники 13,8 фоизга, Bank CenterCredit’ники 31,1 фоизга, ForteBank’ники 22,7 фоизга, Otbasy Bank’ники эса 12,7 фоизга камайган.

Ўзбекистонда эса аксинча, етакчи банкларнинг кўпчилиги фойдасини оширган.

Кредит бозорлари тузилишида ҳам фарқ бор

Икки мамлакат банк тизими ўртасидаги муҳим фарқлардан бири кредитларнинг кимларга ажратилаётганидир.

Қозоғистонда банкларнинг иқтисодиётга йўналтирилган кредит портфели 40,3 трлн тенгени ташкил қилган. Шундан 25,1 трлн тенгеси жисмоний шахслар кредитлари ҳиссасига тўғри келган.

Ҳисоб-китоб бўйича, аҳолига берилган кредитларнинг умумий портфелдаги улуши қарийб 62 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистонда эса 623,3 трлн сўмлик жами кредит портфелининг 227,1 трлн сўми жисмоний шахсларга ажратилган. Аҳоли кредитларининг умумий портфелдаги улуши 36,4 фоиз атрофида.

Шу тариқа, Қозоғистон банк тизими чакана кредитлашга Ўзбекистондагидан анча кўпроқ йўналтирилган.

Чакана кредитлар, айниқса таъминотсиз истеъмол кредитлари одатда юқорироқ фоиз ва маржа келтириши мумкин. Бу Қозоғистон банкларининг рентабеллиги юқорироқ бўлишига таъсир қилаётган омиллардан бири бўлиши эҳтимоли бор.

Бироқ чакана кредитлашнинг юқори улуши фақат даромад эмас, қўшимча таваккалчиликни ҳам англатади. Аҳолининг қарз юки ошса ёки даромадлари пасайса, кредитларнинг ўз вақтида қайтарилмаслиги кўпайиши мумкин.

Қозоғистонда 90 кундан ортиқ кечиктирилган кредитлар улуши 3,9 фоизни, Ўзбекистонда муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 3,2 фоизни ташкил қилган.


Муаллиф: Диёрбек Қамбаров

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+