Ўзбекистон халқаро захиралари илк бор $48 млрдга яқинлашди
Умумий халқаро захиралар йил бошидан бери $6,7 млрдга ўсди.
Биргина март ойида олтин-валюта захиралари $2,9 млрдга ошиб, тарихий рекорд – $47,9 млрдга етди.
Ўсиш асосан олтин нархи кўтарилиши ҳисобига юзага келган бўлиб, ўтган ойда захиралардаги олтиннинг қиймати 2 млрддан кўпроққа ошди.

Марказий банк 7 апрель куни эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари $47,9 миллиардни ташкил этди. Бу кўрсаткич тарихий максимум ҳисобланади.
Март ойида захиралар $2,9 млрдга ошиб, февралда қайд этилган аввалги рекордни янгилади.
Кўрсаткичлар | 1 январь 2025 | 1 март 2025 | 1 апрель 2025 |
Расмий захира активлари (млрд $) | 41,2 | 44,94 | 47,9 |
Олтин (млрд $) | 32,03 | 34,86 | 36,88 |
Соф ҳажми (млн троя унция) | 12,3 | 12,2 | 11,8 |
Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 8,6 | 9,53 | 10,41 |
Изоҳ: кўрсаткичлар яхлитланган.
Умуман олганда, биринчи чорак давомида захиралар 6,7 миллиард долларга ўсди. Бу ўсиш асосан олтин нархининг кескин кўтарилиши ҳисобига юзага келди.
Олтин захиралари қиймати эса рекорд нархлар туфайл $2 миллиарддан ортиқ ўсиб, $36,88 миллиардга етди. Бу ҳам янги рекорддир. Шунга қарамай, олтиннинг физик ҳажми бироз камайди — 12,2 миллион троя унциядан 11,8 миллион троя унцияга тушди. Бу эса экспорт омилларини акс эттириши мумкин.
Шунингдек, валюта захиралари ҳам ўсди. Март ойида улар $0,8 миллиардга кўпайиб, умумий ҳажми $10,41 миллиардга етди. Бу эса валюта қисми бўйича ҳам сезиларли ўсишни англатади. Чорак якунида эса валюта захиралари $1,8 миллиардга кўпайди.
Аввалроқ Ўзбекистон феврал ойида дунё бўйича олтин сотиш бўйича етакчи бўлганлиги хабар қилинган эди. Марказий банк мазкур ойда 12 тонна олтин сотган.