Ўзбекистон венчур инвеститциялар ўсиши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади
Ўзбекистонда венчур инвестициялар ҳажми 2026 йилнинг иккинчи чораги якунларига кўра, йиллик ҳисобда 539,7 фоизга ошди.

Ўзбекистон венчур капитали ўсиш суръати бўйича дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллаган. Бу ҳақда Dealroom.co платформаси маълумот берди.
Ҳисоботда Ўзбекистонда венчур инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 539,7 фоизга ошгани қайд этилган. Кейинги ўринларни 325,7 фоизлик ўсиш билан Кения ва 307,7 фоизлик кўрсаткич билан Австрия эгаллаган.

Кучли ўнталикка, шунингдек, Гана, Покистон, Хитой, Аргентина, Украина, Хорватия ва АҚШ кирган.
Хусусан, Ганада венчур инвестициялар ҳажми 278,3 фоизга, Покистонда 264,2 фоизга, Хитойда 232,3 фоизга, Аргентинада 228,9 фоизга, Украинада 209,5 фоизга, Хорватияда 181,4 фоизга ва АҚШда 180,8 фоизга ошган.
Рақамли технологиялар вазирлиги мазкур натижани Ўзбекистонда стартаплар экотизимини ривожлантириш, технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инновацион лойиҳалар учун қулай муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижаси сифатида баҳолади.
Вазирликка кўра, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги технологик ва инновацион марказлардан бирига айланиб бораётганини ҳам намоён этади.
Dealroom.co стартаплар, венчур инвестициялар ва технологик экотизимлар бўйича маълумотларни жамловчи халқаро таҳлилий платформадир. Унинг маълумотларидан инвесторлар, ҳукуматлар ва халқаро молиявий ташкилотлар фойдаланади.
Шу билан бирга, мазкур рейтинг венчур инвестицияларининг мутлақ ҳажмини эмас, балки уларнинг бир йил ичидаги ўсиш суръатини акс эттиради. Яъни Ўзбекистон инвестициялар миқдори бўйича эмас, йиллик ўсиш динамикаси бўйича биринчи ўринни эгаллаган.









