Ўзбекистон ва жаҳон бозорида олтин нархи яна рекорд ўрнатди
Ўзбекистонда ва жаҳон бозорида олтин нархлари кетма-кет рекорд кўрсаткичларни қайд этмоқда. 21 январь куни мамлакатда 1 грамм олтин нархи 1,89 млн сўмдан ошиб, бир кунда 2,5 фоизга қимматлади. Айни пайтда жаҳон бозорида олтиннинг нархи тарихда илк бор унсияси учун 4 879 долларгача кўтарилди.

Ўзбекистонда ҳамда жаҳон бозорида олтин нархининг кетма-кет рекорд янгилаши давом этмоқда.
Хусусан, 21 январь куни Ўзбекистонда 1 грамм олтин нархи 1 894 820 сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич бир кун ичида 2,5 фоизга ошди. Шу билан бирга, 5 граммли олтин қуймаси 230 минг сўмга қимматлаб, ҳозирда 9,474 млн сўмдан сотилмоқда.
Олтин қуймалари нархлари (21.01.2026 ҳолатига):
| Оғирлиги | Сотиш нархи. | Қайтариб сотиб олиш нархи | |
| қадоғи бут ҳолатда | қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган ҳолатда | ||
5 грамм | 9 474 000 сўм | 9 106 000 сўм | 9 014 000 сўм |
10 грамм | 18 948 000 сўм | 18 212 000 сўм | 18 028 000 сўм |
20 грамм | 37 896 000 сўм | 36 425 000 сўм | 36 057 000 сўм |
50 грамм | 94 741 000 сўм | 91 062 000 сўм | 90 142 000 сўм |
100 грамм | 189 482 000 сўм | 182 124 000 сўм | 180 284 000 сўм |
Жаҳон бозорида олтиннинг спот нархи тарихда илк бор бир унсия учун 4 879,1 долларга етди (1 грамм — $156,75). Бир кун ичида олтин нархи 2,35 фоизга ошди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металл 4 784 доллардан савдо қилинмоқда.

Қимматбаҳо металлга бўлган талаб геосиёсий хатарлар фонида кучаймоқда. Хусусан, Гренландия атрофидаги вазият ҳамда АҚШ ва Европа давлатлари ўртасида савдо уруши хавфи инвесторларни хавфсиз актив сифатида олтинга йўналтирмоқда.
АҚШ президенти ўтган ҳафта охирида 1-февралдан бошлаб Дания, Норвегия, Шветсия, Финляндия, Франсия, Германия, Нидерландия ва Буюк Британиядан импорт қилинадиган барча товарларга 10 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди.
Шунингдек, у 1-июнгача Гренландияни АҚШ юрисдиксиясига ўтказиш бўйича келишувга эришилмаса, бож ставкалари 25 фоизгача оширилишини маълум қилди.









