Ўзбекистон Туронбанк ва қатор йирик давлат активларини хусусийлаштиради
Ўзбекистонда навбатдаги йирик хусусийлаштириш дастури доирасида “Туронбанк”нинг давлатга тегишли 98,9 фоиз акциясини очиқ савдога чиқариш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, “Халқ Суғурта”, “Ўзэкспомарказ”, Халқаро бизнес маркази ва қатор саноат ҳамда транспорт корхоналаридаги давлат улушлари ҳам хусусийлаштирилади.

Президентнинг 28 августдаги ПФ-177-сон фармони билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича янги хусусийлаштириш дастури тасдиқланди.
Дастурга жами 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари киритилган. Шунингдек, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер савдога чиқарилиши режалаштирилган.
Энг йирик активлардан бири “Туронбанк” бўлади. Банкнинг давлатга тегишли 98,9 фоиз акцияси очиқ савдога чиқарилади. Банкни хусусийлаштиришга тайёрлаш унинг жорий ҳолати ва халқаро консультантлар хулосаларини ҳисобга олган ҳолда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юклатилган.
Бундан ташқари, устав капитали тўлиқ давлатга тегишли “Халқ Суғурта” компаниясининг 100 фоиз улушини хусусийлаштириш кўзда тутилган.
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”нинг 91,83 фоиз ҳамда Халқаро ҳамкорлик маркази — Халқаро бизнес марказининг 79,27 фоиз давлат улуши ҳам сотувга чиқарилади. Мазкур икки актив бўйича хусусийлаштириш Президент администрацияси билан келишилган алоҳида концепция ва сотув шартлари асосида амалга оширилиши керак.
Рўйхатга яна KO-UNG CYLINDER компаниясининг 54,76 фоизи, Kor-UNG Investment ва V-GEN BIOPHARMA’нинг 50 фоиздан, Inno Texnopark’нинг 100 фоизи, Ustudy’нинг 50 фоизи ҳамда “O‘ZBEK-TURK TEST MARKAZI”нинг 51 фоиз улуши киритилган.
Транспорт соҳасида “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи”нинг 90 фоизи ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” тизимидаги “Андижон механика заводи”нинг 100 фоиз улушини сотиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги қатор деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларидаги давлат улушлари ҳам хусусийлаштириш дастурига киритилган.
Умуман, янги дастур доирасида савдога чиқариладиган давлат активларининг қиймати 100 трлн сўмни ташкил этади. Ҳукумат йил якунига қадар уларни сотиш ҳисобидан камида 14 трлн сўм тушум олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, давлат иштирокидаги яна 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади.
Хусусийлаштириш шартлари ҳам юмшатилмоқда. Актив харид қилишдаги аванс миқдори аввалги 35 фоиздан 15 фоизгача туширилади. Қолган суммани фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Жумладан, актив қийматининг 35 фоизи уч ой ичида тўланса, қолган қисмини 5 йилгача, 50 фоизи олти ойда тўланса эса 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин бўлади. Актив қийматини олти ой ичида тўлиқ тўлаган харидорга 25 фоизлик чегирма берилиши ҳам назарда тутилган.
Аввалги савдоларда харидор топилмаган 84 та актив эса 1 млн сўмлик бошланғич нарх билан қайта аукционга чиқарилади. Актив уч ой давомида сотилмаса, унинг нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилиши мумкин.









