“Ўзбекистон темир йўллари”нинг ярим йиллик соф фойдаси 1 трлн сўмдан ошди
“Ўзбекистон темир йўллари” 2026 йилнинг биринчи ярмини 1 трлн 8,5 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 658,7 млрд сўмга нисбатан 349,8 млрд сўм ёки 53,1 фоизга кўп.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2026 йилнинг биринчи ярмига оид молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, компаниянинг маҳсулот ва хизматларни сотишдан олган соф тушуми 7,42 трлн сўмдан 9,62 трлн сўмга етган. Шу тариқа, тушум бир йил ичида 2,19 трлн сўм ёки 29,5 фоизга ошган.
Айни пайтда сотилган маҳсулот ва хизматлар таннархи нисбатан секинроқ ўсди. Мазкур кўрсаткич 5,73 трлн сўмдан 6,7 трлн сўмга етиб, 17 фоизга кўпайган.
Натижада компаниянинг ялпи фойдаси 1,7 трлн сўмдан 2,92 трлн сўмга ошган. Ўсиш 1,22 трлн сўм ёки 71,9 фоизни ташкил этди.
Давр харажатлари эса 17,7 фоизга камайиб, 1,07 трлн сўмга тушган. Шу ҳисобига “Ўзбекистон темир йўллари”нинг асосий фаолиятдан олган фойдаси 1,16 трлн сўмдан 2,4 трлн сўмга етиб, 2,1 баробар ошган.
Бироқ молиявий харажатлар 52,4 фоизга кўпайиб, 1,75 трлн сўмни ташкил қилган. Жумладан, валюта курси фарқидан кўрилган зарар 698,2 млрд сўмдан 1,16 трлн сўмга, фоиз харажатлари эса 449,7 млрд сўмдан 587,9 млрд сўмга етган.
Ҳисобот даври якунида компаниянинг узоқ муддатли банк кредитлари 25,57 трлн сўмни ташкил этган. Бу йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 1,2 трлн сўм ёки 4,9 фоизга кўп.
“Ўзбекистон темир йўллари”нинг жами активлари 47,3 трлн сўмга етган. Компания ҳисобидаги пул маблағлари эса йил бошидан 39,6 фоизга камайиб, 1,04 трлн сўмга тушган.









