“Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ 9 ойда 1,33 трлн сўм фойда кўрди
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2021 йилдан бери илк марта молиявий ҳисоботларни очиқлади. Корпоратив маълумотлар ягона порталида компаниянинг 2025 йилнинг биринчи, иккинчи ва учинчи чораклари бўйича ҳисоботлар жойлаштирилган. 9 ой якунларига кўра, компаниянинг соф тушуми 11 триллион сўмдан ошди, соф фойда эса 1,33 триллион сўмга етди.

“Ўзбекистон Темир йўллари” акциядорлик жамияти сўнгги тўрт йил ичида илк бор чораклик молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Корпоратив маълумотлар ягона порталида компаниянинг 2025 йилнинг биринчи, иккинчи ва учинчи чораклари бўйича молиявий ҳисоботлари жойлаштирилди.
Бундан аввалги сўнгги молиявий ҳисобот 2021 йилнинг учинчи чорагига тўғри келади.
Ҳисоботларга кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойи якунида компаниянинг товар ва хизматлар реализациясидан олинган соф тушуми 11 триллион сўмдан ошди. Шу даврда хизматлар ва маҳсулотлар таннархи бироз қисқариб, 8,9 триллион сўмни ташкил этди.
Компания даромадларининг бундай ўсиши асосан валюта курси фарқидан олинган даромадлар ҳисобига шаклланган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч бараварга ошиб, 1,8 триллион сўмга етди.
Учинчи чорак якунларига кўра, “Ўзбекистон Темир йўллари” 1,33 триллион сўм соф фойда қайд этди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида компания 328 миллиард сўм зарар кўрган эди.
Kap Depo инвестиция компанияси таҳлилига кўра, валюта курсига юқори сезгирлик компаниянинг катта ҳажмдаги хорижий валютадаги мажбуриятлари билан изоҳланади. 2025 йил сентябрь ҳолатига кўра, “Ўзбекистон Темир йўллари”нинг узоқ муддатли кредитлари 24 триллион сўмни ташкил этган. Шу сабабли миллий валютанинг мустаҳкамланиши компания фойдасининг асосий драйверларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, юқори қарздорлик компания учун янги ҳолат эмас. Хусусан, 2021 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра ҳам банк кредитлари ҳажми 19 триллион сўмдан ошган эди.
“Бошқача айтганда, жорий молиявий натижа бизнесда тизимли яхшиланишни акс эттирмайди — у асосан валюта харажатлари ва фоиз юкининг камайиши ҳисобига шаклланган”, — дейилади компания хабарида.









