Ўзбекистон ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди
2025 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистон ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди. Бу даврда тўғридан-тўғри ва портфел инвеститсиялари кескин ошган. Асосий юк давлат бюджети ва йирик корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 75,4 млрд АҚШ долларига етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарз бўйича эълон қилинган ҳисоботида қайд этилган.
2025 йилнинг дастлабки 9 ойида мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баравар ошиб, 2,9 млрд долларни ташкил этди.
Портфель инвестицияларининг соф жалб қилиниши эса асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 2,2 бараварга кўпайиб, 3,8 млрд долларга етди.
Тўлов балансида акс этган амалиётлар ва бошқа ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқеи йил бошига нисбатан 1,6 бараварга мустаҳкамланиб, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига 21,4 млрд долларни ташкил қилди.
Ҳисоботга кўра, умумий ташқи қарз таркибида давлат ташқи қарзи 37,4 млрд доллар, корпоратив ташқи қарз эса 38,0 млрд долларни ташкил этган. 2025 йилнинг учинчи чорагида умумий ташқи қарз 3,2 млрд долларга, сўнгги бир йил давомида эса 15,2 млрд долларга ошган.
Хусусан, учинчи чоракда давлат ташқи қарзи 0,6 млрд долларга, сўнгги бир йил ичида эса 4,9 млрд долларга кўпайган. Корпоратив ташқи қарзлар эса учинчи чоракда 2,6 млрд долларга, бир йил давомида 10,3 млрд долларга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистон давлат қарзи 44 млрд долларга яқинлашгани ҳақида хабар берилган эди. Бунда Ташқи қарз асосий улушни ташкил қилмоқда, йирик кредиторлар қаторида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Хитой молия институтлари бор. Қарз маблағларининг ярмига яқини бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.









