Ўзбекистон олтин-валюта захиралари янги тарихий максимумга етди — $66,3 млрд
Йил охирига келиб Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 66,3 млрд долларга етди. Бир йил давомида захиралар ҳажми 25,1 млрд долларга ошган. Энг катта ўсиш олтин захиралари ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари тарихда илк бор 66 млрд доллардан ошди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтириб ўтилган.
2025 йил декабрь ойида захиралар ҳажми бир ойда қарийб 5,1 млрд долларга кўпайиб, 66,3 млрд долларга етди.
Захиралардаги энг катта ўсиш олтин ҳисобига тўғри келди. Хусусан, қимматбаҳо металлнинг қиймати бир ой ичида 50,86 млрд доллардан 55,1 млрд долларгача ошди.
Олтиннинг физик ҳажми ҳам кўпайди: декабрь ойида у 0,4 млн трой унцияга ошиб, 12,6 млн трой унцияни ташкил этди. Натижада, мамлакат олтин захиралари бир йил аввалги 12,3 млн трой унциядан юқори даража билан йилни якунлади.
| Кўрсаткичлар | 1 январь 2025 | 1 декабрь 2025 | 1 январь 2026 |
| Расмий захира активлари (млрд $) | 41,2 | 61.23 | 66,31 |
| Олтин (млрд $) | 32,03 | 50,86 | 55,09 |
| Соф ҳажми (млн троя унция) | 12,3 | 12,2 | 12,6 |
| Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 8,6 | 9,81 | 10,64 |
| Шу жумладан қимматли қоғозлар | $101,7 млн | $1,52 млрд | $1,53 млрд |
Захиралар таркибидаги хорижий валютадаги активлар ҳам бироз ошиб, 10,64 млрд долларни ташкил этди. Қимматли қоғозлар портфели эса йил якунида 1,5 млрд долларга етди. Таъкидлаш жоизки, Марказий банк ушбу инструментларга инвестицияни дастлаб 35 млн доллар билан бошлаган эди.
Умуман олганда, бир йил давомида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 25,1 млрд долларга ошди. Гарчи олтиннинг физик ҳажми атиги 0,3 млн трой унцияга кўпайган бўлса-да, унинг қиймати 2,2 баробар, яъни 123 фоизга ошди.
Бу, аввало, жаҳон бозорида олтин нархининг рекорд даражада қимматлашгани билан изоҳланади. Хусусан, фақат бир ой ичида нархлар ўсиши таъсири олтин захиралари қийматини 2,9 млрд долларга оширди.
2025 йил бошида олтин захиралари қиймати 32 млрд долларни ташкил этган бўлса, бир йил ичида бу кўрсаткич 23 млрд долларга ошиб, 55,1 млрд долларга етди.









