11 960.180 so‘m

decrease

-46.210

13 761.380 so‘m

decrease

-3.950

150.420 so‘m

decrease

-0.020

11 960.180 so‘m

decrease

-46.210

Якин 16 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
30

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича протоколларнинг 90 фоиздан ортиғини топширди

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларнинг якуний босқичига яқинлашди. Мамлакат имзолаган 34 та бозорга кириш протоколининг 31 таси ЖСТ Котибиятига расман топширилган. Айни пайтда ташкилотга кўра, давлат корхоналари, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва импорт сиёсатига оид айрим масалалар ҳали очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик бўйича протоколларнинг 90 фоиздан ортиғини топширди

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 13-йиғилиши 27–28 июль кунлари Женевада бўлиб ўтди. Унда Тошкентдан 30 нафар юқори лавозимли мансабдор қатнашган.

Ўзбекистон делегациясига президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили ва бош музокарачи Азизбек Ўрунов бошчилик қилди. Унга кўра, ташкилот аъзолари томонидан юборилаётган ёзма саволлар сони камаймоқда. Бу Ўзбекистон бўйича эътирозларнинг босқичма-босқич бартараф этилаётганини ва музокаралар якуний босқичга яқинлашганини кўрсатади.

Икки томонлама протоколларнинг қарийб 91 фоизи топширилган

Ўзбекистон шу вақтгача бозорга кириш шартлари бўйича 34 та икки томонлама протокол имзолаган. Уларнинг 31 таси ёки қарийб 91 фоизи ЖСТ Котибиятига расман топширилган.

Сўнгги протокол Ҳиндистон билан имзоланган. Март ойидаги аввалги йиғилиш вақтида Котибиятга топширилган битимлар сони 30 та эди. Шу тариқа, йиғилишлар оралиғида бу кўрсаткич биттага ошган.

ЖСТ ишчи гуруҳи раҳбари Сунг-ё Чои музокараларнинг икки томонлама бозорга кириш қисми якунланишга жуда яқин эканини қайд этди. Айни пайтда, Ўзбекистон билан музокараларни ҳали тугатмаган давлатлар жараённи имкон қадар тезроқ якунлашга чақирилган.

190 дан ортиқ ҳужжат ЖСТ талабларига мослаштирилган

Март ойидаги йиғилишдан буён Ўзбекистонда ЖСТ қоидаларига мослаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг умумий сони 190 тадан ошган.

Асосий ўзгаришлар санитария ва фитосанитария талаблари ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида амалга оширилган. Жумладан, ягона Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилган, маҳсулот етиштиришдан истеъмолчига етиб боргунига қадар хавфларни баҳолашга асосланган назорат тизими жорий қилинмоқда.

Бундан ташқари, “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири Сенатга киритилган. Антидемпинг, компенсация ва ҳимоя чораларига оид қонун лойиҳалари ҳам ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш мақсадида қайта кўриб чиқилган.

Давлат компаниялари ва қишлоқ хўжалиги бўйича саволлар сақланиб қолмоқда

ЖСТ аъзолари Ўзбекистонда айрим қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши кутилганидан секинроқ кечаётганини таъкидлади.

Йиғилишда валюта операциялари ва тўловлар, импортни тартибга солиш, савдони енгиллаштириш, инвестиция ва рақобат сиёсати ҳамда савдодаги техник тўсиқлар бўйича саволлар берилган.

Шунингдек, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва қишлоқ хўжалигига давлат ёрдамини тартибга солиш бўйича қўшимча ўзгаришлар талаб қилинмоқда. Ўзбекистон томони қишлоқ хўжалигини ички қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича музокаралар ҳам якуний босқичга кирганини маълум қилган.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини зарур ҳужжатлар тайёр бўлгач, 2026 йилнинг кеч кузида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+