Ўзбекистон Жаҳон банки ва ОТБдан жами $1,3 млрд қарз жалб қилмоқда
Жаҳон банки 800 миллион, Осиё тараққиёт банки эса 500 миллион доллар ажратишни маъқуллаган. Маблағлар мамлакатда иқтисодий ва институционал ислоҳотларни чуқурлаштиришга, давлат бошқарувини самарали қилиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон иқтисодий ва институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларидан 1,3 млрд долларлик қарз маблағларини жалб қилмоқда.
Мазкур пакет доирасида Жаҳон банки томонидан 800 млн доллар, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан эса 500 млн долларлик кредит ажратилиши маъқулланган.
Жаҳон банки — 800 млн доллар
Жаҳон банки Ўзбекистонга имтиёзли шартларда 800 млн долларлик молиявий пакетни тақдим этади. Маблағлар узоқ муддатли қайтариш ва паст фоиз ставкалари асосида ажратилади.
Бундай шартлар халқаро молия бозорларидагига нисбатан анча қулай бўлиб, бу Ўзбекистонга ташқи қарз бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш ҳамда тежалган бюджет маблағларини устувор ижтимоий-иқтисодий соҳаларга йўналтириш имконини беради.
Банк маълумотига кўра, ажратилаётган маблағлар ҳукуматга бир қатор стратегик ислоҳотларни тезлаштиришда ёрдам беради. Жумладан:
- Ижтимоий ҳимоя: кам таъминланган аҳолига газ ва электр учун компенсация миқдори 270 минг сўмдан 1 млн сўмгача оширилади.
- Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: иш жойларида тазйиқ ва камситишнинг олди олинади, ҳомиладор ёки ёш болали аёлларни ишдан бўшатиш тақиқланади.
- Ижтимоий хизматлар: хусусий сектор иштирокида аҳолининг заиф қатламларига хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилади.
- Давлат корхоналари ислоҳоти: Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилади, айрим соҳаларда давлат монополияси қисқартирилади.
- Қишлоқ хўжалиги: суғурта тизими жорий этилади, пахта нархларини белгилаш механизми янада мослашувчан бўлади.
- Ташқи савдо: Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни тезлаштирилади, айрим экспорт рухсатномалари бекор қилинади.
- Энергетика: хусусий инвесторларга электр тақсимлаш бозорига кириш имконияти берилади, қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш кенгайтирилади.
- Энергия самарадорлиги: иссиқхона газларини камайтириш, қуёш энергетикасини ривожлантириш ва энергия тежамкор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
“Яшил” харидлар: давлат харидларида экологик тоза маҳсулот ва хизматларга устуворлик берилади.
Осиё тараққиёт банки — 500 млн доллар
ОТБ томонидан ажратиладиган 500 миллион долларлик кредит “Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури — II босқич (EMIP II)” доирасида йўналтирилади. Ушбу маблағлар давлат сектори самарадорлигини ошириш, иқтисодий бошқарувни кучайтириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини тезлаштиришни мақсад қилади.
Дастур қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
- Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш: давлат инвестицияларини тартибга солувчи ягона қоидалар ишлаб чиқилади.
- Рақобат ва инвестиция муҳитини яхшилаш: тегишли қонунчилик базаси такомиллаштирилади.
- Давлат корхоналари бошқарувини модернизация қилиш: директорлар кенгашининг янгиланган тузилмаси жорий этилади, гендер тенглиги кўрсаткичлари ва халқаро молиявий ҳисобот стандартлари татбиқ этилади.
- Солиқ сиёсатини такомиллаштириш: солиқ базаси кенгайтирилади, халқаро солиқ ҳамкорлиги мустаҳкамланади.
- Коррупцияга қарши кураш: манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қабул қилинади, давлат аудит тизимлари кучайтирилади.
- ЖСТга аъзолик жараёни: миллий қонунчилик жаҳон савдо ва инвестиция меъёрларига мослаштирилади.
Маълумот учун, 2025 йил биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи бир ичида 6,1 млрд долларга кўпайиб, 43,4 млрд долларга етган.