Ўзбекистон давлат қарзи 2025 йил бошидан бери $2,2 млрдга ошди
Январь-март ойларида Ўзбекистоннинг давлат қарзи $2,2 млрдга кўпайиб, $42,4 млрддан ошди.
Бу ўсиш асосан ташқи қарз ҳисобига тўғри келмоқда — унинг ҳажми $1,8 млрдга кўпайиб, $35,6 млрдга етган.
Хўш, қарз кимлардан жалб қилинган ва бу маблағлар қаерга йўналтирилмоқда?

2025 йил 31 март ҳолатига Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи 42,43 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларида келтириб ўтилган.
Давлат қарзи йил бошидан бери $2,22 миллиардга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса $7,5 миллиардга кўпайган. Кўрсаткич миқдорий жиҳатдан ошган бўлса-да, унинг ЯИМга нисбати 35 фоиздан 33,5 фоизга тушган.

Биринчи чоракда қарз асосан ташқи манбалар ҳисобига ошган бўлиб, ҳозирда давлат қарзининг 84 фоизи ёки $35,56 миллиарди ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади. Ушбу кўрсаткич чорак давомида $1,83 миллиардга кўпайган.
Ташқи қарзнинг $19,74 миллиарди қатъий фоиз ставкада, $15,67 миллиарди эса ўзгарувчан фоиз ставкада олинган. Аксарият ташқи қарзлар узоқ муддатли кредитлар шаклида жалб қилинган бўлиб, уларни тўлаш муддати бир йилдан ортиқ.
Ички қарз миқдори эса $6,87 миллиардни ташкил қилиб, йил бошидан буён 390 миллион долларга ошган.
Асосий кредиторлар кимлар?
Давлат ташқи қарзининг $19,27 миллиардлик қисми халқаро молия институтларидан олинган. Булар қуйидагилар:
- Жаҳон банки — $7,75 млрд
- Осиё тараққиёт банки — $7,45 млрд
- Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — $1,66 млрд
- Ислом тараққиёт банки — $932 млн
- Халқаро валюта жамғармаси — $650 млн
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки — $374 млн
- Бошқа институтлар (Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, ОПЕК жамғармаси, Европа инвестиция банки) — $461 млн
Шунингдек, ташқи қарзнинг 30 фоизи хорижий ҳукуматларга тегишли молия ташкилотлари ҳисобига тўғри келмоқда:
- Хитой тараққиёт давлат банки, Эксимбанк ва бошқалар — $3,64 млрд
- Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — $3,07 млрд
- Франция тараққиёт агентлиги — $1,02 млрд
- Корея Эксимбанки ва тараққиёт жамғармаси — $745 млн
- Германия давлат банки — $445 млн
- Саудия тараққиёт жамғармаси — $136 млн
- Испания давлат банки — $68 млн
- Бошқалар — $1,5 млрд
Бундан ташқари, $5,66 миллиардлик ташқи қарз халқаро облигациялар орқали инвесторлар томонидан молиялаштирилган.
Қарз маблағлари қаерга йўналтирилмоқда?
Давлат қарзи қуйидаги соҳаларга йўналтирилмоқда:
- Бюджетни қўллаб-қувватлаш — $16,8 млрд (47%)
- Ёқилғи-энергетика саноати — $5,89 млрд (17%)
- Қишлоқ ва сув хўжалиги — $3,04 млрд (9%)
- Уй-жой коммунал хўжалиги — $2,9 млрд (8%)
- Транспорт ва инфратузилма — $2,86 млрд (8%)
- Соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари — $2,47 млрд (7%)
- Тадбиркорлик ва саноат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш — $854 млн (2%)
- Кимё саноати — $721 млн (2%)