11 795.000 so‘m

decrease

-18.090

13 698.710 so‘m

increase

21.510

135.800 so‘m

increase

0.190

11 795.000 so‘m

decrease

-18.090

3 соат аввал
Банк
54

Ўзбекистон банкларида депозитлар кредитлардан қарийб 5 баравар тезроқ ўсди

2026 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистон банкларидаги депозитлар 482,7 трлн сўмга етди. Бир ойда депозитлар 8,9 трлн сўмга кўпайган бўлса, кредит портфели атиги 1,8 трлн сўмга ошган.

Ўзбекистон банкларида депозитлар кредитлардан қарийб 5 баравар тезроқ ўсди

Марказий банк маълумотларига кўра, июль ойида банк тизимидаги депозитлар 1,9 фоизга, кредитлар эса 0,3 фоизга ўсди. Шу тариқа, бир ой давомида депозитларнинг мутлақ ўсиши кредитларникидан қарийб 5 баравар юқори бўлди.

Йиллик ҳисобда тафовут янада катта. 2025 йил 1 августда тижорат банкларидаги депозитлар 360,4 трлн сўмни ташкил этган бўлса, бир йил ичида улар 122,3 трлн сўмга ёки 33,9 фоизга кўпайган.

Кредитлар ҳажми эса шу даврда 576,2 трлн сўмдан 644,6 трлн сўмга етган. Ўсиш 68,4 трлн сўм ёки 11,9 фоизни ташкил этди. Демак, йиллик ўсиш суръати бўйича ҳам депозитлар кредитлардан қарийб уч баравар тез кўпайган.

Натижада банкларнинг кредит портфели билан депозит базаси ўртасидаги фарқ қисқармоқда. 2025 йил август бошида кредитлар ҳажми депозитлардан қарийб 216 трлн сўмга кўп бўлган бўлса, 2026 йил август бошига келиб бу тафовут 162 трлн сўмгача камайган.

Банк тизимининг бошқа кўрсаткичларида ҳам ўсиш кузатилган. Жами активлар бир йил ичида 19,3 фоизга, банк капитали эса 18,6 фоизга кўпайган.

Энг йирик банклар

Активлар ҳажми бўйича Ўзмиллийбанк етакчиликни сақлаб қолди — унинг активлари 1 август ҳолатига 145,8 трлн сўмни ташкил этди.

Кейинги ўринларда Агробанк — 124,2 трлн сўм ва Ўзсаноатқурилишбанк — 105,2 трлн сўм билан жойлашган.

Айни пайтда, бир ой ичида Агробанк активлари қарийб 5,7 трлн сўмга ошган. Ўзсаноатқурилишбанк активлари эса аксинча, 3,4 трлн сўмга камайган.

Марказий банк статистикаси банк тизимида жалб қилинаётган маблағлар кредитлашдан сезиларли тезроқ ўсаётганини кўрсатмоқда. Агар бу тенденция давом этса, банкларнинг кредитларни молиялаштиришда депозит базасига таяниш имконияти ошиб, кредитлар ва депозитлар ўртасидаги тафовут янада қисқариши мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+