Ўзбекистон апрель ойида қарийб $2 млрдлик олтин экспорт қилди
2025 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 16,3 фоизга ошиб, 24,6 миллиард долларга етди. Экспорт ҳажмининг асосий қисмини олтин ташкил этиб, мазкур даврда унинг экспорти $5,48 млрдни ташкил этди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 16,3 фоизга ошиб, $24,6 миллиардга етди. Бу кўрсаткич экспортнинг 35,1 фоизга ўсиб, $11,88 миллиардни, ҳамда импортнинг 2,9 фоизга кўтарилиб, $12,72 миллиардни ташкил этгани ҳисобига юзага келди. Натижада ташқи савдо балансидаги салбий фарқ ўтган йилги $3,58 миллиарддан $846,3 миллионгача қисқарди.
Олтин экспорти савдо балансига сезиларли таъсир кўрсатмоқда
Апрель ойида Ўзбекистон $1,91 миллиардлик олтин экспорт қилди. Умуман олганда, йилнинг дастлабки тўрт ойида қимматбаҳо металл экспорти $5,48 миллиардни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 60 фоизга ошди.
Асосий савдо ҳамкорлари
Хитой $4,18 миллиардлик кўрсаткич билан Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда (+5,6%). Россия эса $3,7 миллиард билан иккинчи ўринда турибди, бироқ ушбу кўрсаткич 3 фоизга пасайган. Қозоғистон ($1,39 млрд), Туркия ($834 млн) ва Жанубий Корея ($584,1 млн) ҳам савдо айланмасида етакчи ўринларни эгаллаган. Ўнталикдан Афғонистон, Франция, Германия, Ҳиндистон ва БАА ҳам жой олди.
Экспорт таркиби
Саноат маҳсулотлари
Олтиндан ташқари, саноат маҳсулотлари асосий экспорт гуруҳини ташкил қилмоқда. Ушбу сегмент $1,2 миллиардни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 10,7%га камайди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти $531,6 миллионни (-24,4%), рангли металлар $455,3 миллионни ташкил этди. Пўлат ва чўян экспорти эса икки бараварга камайиб, $35,5 миллионни ташкил этди. Шу билан бирга, норуда қазилмалар ($71,2 млн) ва металл буюмлар ($64,2 млн) экспорти 50% дан ортиққа ўсди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти $663,6 миллионга етиб, 40,5 фоизга ўсди. Сабзавот ва мевалар экспорти $429,3 миллионни (+41,9%), дон маҳсулотлари эса $170,6 миллионни (+33,6%) ташкил этди.
Кимё маҳсулотлари
Кимё маҳсулотлари экспорти $602,1 миллионни (+17,6%) ташкил этди. Улар орасида ноорганик моддалар $338,9 млн, ўғитлар эса $126,2 млнни ташкил этди (+61,2%).
Ёқилғи-энергетика ресурслари
Мазкур гуруҳ экспорти 21,8%га ошиб, $417,6 миллионни ташкил этди. Табиий газ экспорти қарийб икки бараварга ўсиб, $199,7 миллионга етди. Электр энергияси экспорти ҳам 29,6%га кўпайиб, $71,7 миллионни ташкил этди.
Машинасозлик маҳсулотлари
Машинасозлик маҳсулотлари экспорти $336,2 млнни ташкил этди (+5,7%). Автомобиллар экспорти 23,6%га камайиб, $90,4 млнни ташкил қилган бўлса, электротехника маҳсулотлари 14,1%га ўсиб, $73,3 млнни ташкил этди. “Бошқа транспорт ускуналари” экспорти беш баравар ошиб, $63,2 млнни ташкил этди.
Хизматлар экспорти
Хизматлар экспорти $2,5 миллиардни ташкил этиб, умумий экспортнинг 21,1 фоизини эгаллади. Бу сегмент 36,4 фоизга ўсди. Энг катта улуш туризм ($1,18 млрд), транспорт ($924,6 млн) ва ИТ хизматлари ($234,7 млн) ҳиссасига тўғри келади.
Импорт таркиби
Машинасозлик маҳсулотлари
Импортда энг йирик улуш машинасозликка тегишли бўлиб, $4,31 миллиардни ташкил этди (-5,1%). Автомобиль импорти $964,4 млнни ташкил этиб, 18,6%га камайди. Шу билан бирга, эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар импорти 34,4%га ошиб, $544,4 млнни ташкил этди.
Саноат маҳсулотлари
Саноат маҳсулотлари импорти $2,06 миллиардни (+5%) ташкил этди. Чўян ва пўлат, металл буюмлар, тўқимачилик ҳамда резина маҳсулотлари импорти ўсишда давом этмоқда.
Кимё маҳсулотлари
Кимё маҳсулотлари импорти $1,65 миллиардга (+7,7%) етди. Тиббий товарлар импорти $610,2 млнни ташкил этди (-3,9%), бирламчи пластмассалар эса $304,6 млнни ташкил этиб, 30,3%га ошди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти $1,28 миллиардни ташкил этиб, 13,7%га ошди. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти сезиларли даражада — 66,7%га ўсди.
Ёқилғи-энергетика ресурслари
Мазкур сегментда импорт ҳажми 27,4%га камайиб, $970,2 млнни ташкил этди. Нефть маҳсулотлари ва табиий газ импорти сезиларли равишда қисқарди. Электр энергияси импорти эса $65,1 млнни (-9,8%) ташкил этди.
Хизматлар импорти
Хизматлар импорти $1,34 миллиардни ташкил этиб, 38,6%га ошди. Энг катта улуш туризм ($744,7 млн), транспорт ($270,5 млн) ва IT хизматлари ($131,7 млн) ҳиссасига тўғри келмоқда.