Ўзбекистон аҳолисининг атиги 15 фоизи кундалик харидларни фақат нақд пулда амалга оширади — МБ
Марказий банк сўровномасига кўра, аҳолининг 15 фоизи кундалик харидларда фақат нақд пулдан, 33 фоизи банк картасидан, 52 фоизи эса иккала шаклларни биргаликда қўллаши маълум бўлди.
Шунингдек, респондентларнинг 47 фоизи бир марталик нақд харид суммаси 100–500 минг сўм оралиғида эканини билдирган.

Ўзбекистонликларнинг атиги 15 фоизи кундалик харидларда фақат нақд пулдан фойдаланади. Бу ҳақда Марказий банк томонидан нақд пул одатлари бўйича ўтказилган сўровномада келтириб ўтилган.

Респондентларнинг 33 фоизи банк карталаридан фойдаланишини, 52 фоизи эса нақд ва нақдсиз шаклларни биргаликда қўллашини билдирган. Айниқса, Андижон, Жиззах, Наманган, Навоий ва Самарқанд вилоятларида нақд тўловлар улуши нисбатан юқори бўлиб қолмоқда.

Сўровнома иштирокчиларининг 14 фоизи қайтим ўрнига мунтазам равишда гугурт, сақич каби арзон маҳсулотлар берилишини айтган. 17 фоиз эса бундай ҳолатга вақти-вақти билан дуч келишини билдирган. Мазкур ҳолат майда пулларнинг етишмаслиги ва чакана савдо нуқталаридаги нотўғри амалиётлар билан боғлиқ.
Нақд харидлар ҳажми

Иштирокчиларнинг 47 фоизи бир марталик нақд харидлари 100 мингдан 500 минг сўмгача бўлишини маълум қилган. 35 фоиз респондент 100 минг сўмгача, 12 фоиз 500 мингдан 1 миллион сўмгача, 6 фоиз эса 1 миллион сўмдан юқори қийматдаги харидлар қилганини билдирган.
Нақд муомалада 10 минг, 50 минг ва 100 минг сўмлик купюраларга эҳтиёж юқори

Сўров натижаларига кўра, аҳолининг нақд пулдаги кундалик харид ва харажатлари учун айнан 10 минг, 20 минг, 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар энг кўп ишлатилади. Айниқса, Қорақалпоғистонда 10 минг, Андижон вилоятида эса 20 минг сўмлик купюраларга эҳтиёж юқорилиги аниқланган.
Аҳолининг 34 фоизида умуман жамғарма йўқ
Аҳолининг 34 фоизи ҳеч қандай жамғармага эга эмаслигини билдирган. Қолганлар эса жамғармаларини банк карталарида (23%), банк омонатларида (20%) ёки нақд пул шаклида (23%) сақлашини айтган. Шу билан бирга, 35 фоиз респондент мобил иловалар орқали жамғарма шакллантиришни одат қилган. Бу эса замонавий молиявий технологиялар жадал ривожланаётганидан дарак беради.

Бироқ респондентларнинг 37 фоизи мобил иловалар ҳақида хабардор бўлса-да, улардан фойдаланмайди.
Пулнинг ҳақиқийлигини аниқлаш борасида аҳолининг аксарияти ҳимоя ипи, бўртма тасвирлар ва ранг ўзгарувчан элементларга эътибор беради. Фақатгина 15 фоиз респондент сув белгиси каби ҳимоя элементларини билишини билдирган.
Мавзуга доир: Пулнинг ҳақиқий эканлигини қандай қилиб текширса бўлади?