Ўзбекистон аҳолиси пулларини асосан қайси банкларда сақламоқда?
2025 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимида аҳоли ва ташкилотлар томонидан жамланган умумий депозитлар ҳажми 339,2 триллион сўмни ташкил этмоқда.
Pinkod аҳоли айнан қайси банкларда кўпроқ маблағларини сақлаётгани ҳақида маълумот тақдим этади.

2025 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимида аҳоли ва ташкилотлар томонидан жамланган умумий депозитлар ҳажми 339,2 триллион сўмни ташкил этмоқда.
Ушбу рақамларнинг 129,9 триллион сўми ёки 38,3 фоизи жисмоний шахсларга тегишлидир. Қолган қисми эса юридик шахслар, яъни корхоналар ва ташкилотларнинг депозитларидир. Аҳоли томонидан киритилган маблағларнинг 56,7 триллион сўми давлат улуши мавжуд банкларда, 73,3 триллион сўми эса хусусий ва хорижий банкларда сақланмоқда.
Pinkod аҳоли айнан қайси банкларда кўпроқ маблағларини сақлаётгани ҳақида маълумот тақдим этади.
1. Капиталбанк – 23,5 триллион сўм
Ҳозирда энг кўп аҳоли омонатига эга бўлган банк – Капиталбанк ҳисобланади. Банкнинг жами депозит портфели 37,8 триллион сўм бўлиб, шундан 23,5 триллион сўми жисмоний шахслар, яъни оддий мижозлар томонидан қўйилган.
2. Ўзмиллийбанк – 13,3 триллион сўм
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) умумий депозитлар ҳажми бўйича етакчи ўринда туради – 41 триллион сўм. Бироқ аҳоли омонатлари 13,3 триллион сўмни ташкил этиб, бу банкда асосан юридик шахслар, яъни корхоналар фаолроқ сақловчи сифатида иштирок этмоқда (27,8 триллион сўм).
3. Агробанк – 10,4 триллион сўм
Агробанк қишлоқ хўжалиги соҳаси билан чамбарчас боғлиқ бўлса-да, жисмоний шахслар депозитлари бўйича ҳам юқори ўринда туради. Банкда 23 триллион сўмлик умумий депозит мавжуд бўлиб, шундан 10,4 триллион сўми аҳоли омонатларидир.
4. Ўзсаноатқурилишбанк – 7,5 триллион сўм
Ушбу банкда умумий депозитлар ҳажми 23,9 триллион сўмни ташкил этади. Бироқ аҳоли омонатлари 7,5 триллион сўм атрофида бўлиб, йирик корхоналар томонидан қўйилган маблағлар (16,4 триллион сўм) асосий қисмини эгаллайди.
5. Асакабанк – 7,46 триллион сўм
Асакабанкда 17,6 триллион сўмлик жами депозитлар мавжуд. Шундан 7,46 триллион сўм аҳоли томонидан қўйилган. Қолган қисм эса юридик шахсларга тегишли.
6. Анорбанк – 7,4 триллион сўм
Янги банклар орасида тез суръатда ривожланаётган Анорбанк умумий 10,65 триллион сўмлик депозит портфелига эга. Ушбу таркибдаги аҳоли омонатлари эса 7,4 триллион сўмни ташкил этади.
7. Ҳамкорбанк– 7,1 триллион сўм
Банкда умумий 12,6 триллион сўмлик депозит мавжуд. Шундан жисмоний шахсларнинг улуши 7,1 триллион сўмни ташкил этади.
8. TBC Bank – 5,4 триллион сўм
TBC Digital компаниясига тегишли бўлган TBC Bank Ўзбекистонда тўлиқ рақамли банк сифатида танилган. Жами депозитлар 6,1 триллион сўм бўлиб, шундан 5,4 триллион сўми жисмоний шахсларга тегишлидир.
9. Халқ банки – 5,3 триллион сўм
Ўзбекистоннинг энг қадимий банки бўлган Халқ Банкида жами 25,9 триллион сўмлик омонат сақланади. Шундан 20,6 триллион сўм юридик шахсларга, 5,3 триллион сўм эса аҳоли омонатларига тўғри келади.
10. Алоқабанк – 5,28 триллион сўм
Алоқабанкдаги жами депозитлар 15,05 триллион сўмни ташкил этади. Шундан 5,28 триллион сўми жисмоний шахслар томонидан киритилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойидан бошлаб банклар оммавий равишда ўз омонат ставкларини 23 фоиздан ошмайдиган қилиб пасайтирган эди.
Шундан сўнг эса, банклардаги жисмоний шахслар учун очиладиган миллий валюатадаги омонатлар ўртача фоиз ставкаси 2024 йил май ойидан бери энг паст даражага тушиб кетди.