“Ўз халқидан қўрққан давлатнинг аянчли манзараси” — Дуров Россияда унга нисбатан очилган жиноят иши ҳақида
Россия Павел Дуровга нисбатан “терроризмни молиялаштириш” айблови билан жиноят иши қўзғатди. Телеграм асосчиси буни шахсий дахлсизлик ва сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаб, вазиятни “ўз халқидан қўрққан давлатнинг аянчли манзараси” деб атади.

Россия ОАВлари, жумладан Коммерсант ва Российская газета, Telegram асосчиси Павел Дуровга нисбатан террорчилик фаолиятига кўмаклашиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилдан буён Telegram орқали содир этилган жиноятлар сони 153 мингдан ошган. Шундан 33 мингга яқини қўпорувчилик, террорчилик ва экстремистик йўналишдаги жиноятларга тўғри келади.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) эса 2022 йилдан бери Telegram орқали тайёрланган 475 та террорчилик ҳаракатининг олди олинганини маълум қилган.
Шунингдек, мессенжер Москва вилоятидаги Crocus City Hall концерт залида содир этилган ва 149 кишининг ўлимига сабаб бўлган терактни ташкил этишда ҳам қўлланилгани айтилмоқда. Бироқ ушбу ҳужумларга Дуровнинг бевосита алоқаси борлиги ҳақида расмий далиллар келтирилмаган.
10 февралдан бошлаб Роскомнадзор Telegram фаолиятини секинлаштириш чораларини кучайтирди. Идора бу қарор “Россия қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ва фуқароларни ҳимоя қилиш” мақсадида қабул қилинганини билдирган.
Кейинчалик Россия рақамли ривожланиш вазири Максут Шадаев ҳам юқоридаги тезисларни такрорлаб, хорижий махсус хизматлар Telegran’даги ёзишмаларга кириш имконига эга эканини ва бу маълумотлардан Россия армиясига қарши ҳарбий ҳаракатларда фойдаланилаётганини даъво қилган.
Павел Дуровнинг муносабати
Павел Дуров мазкур айбловларни шахсий дахлсизлик ва сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолади. У ўзининг Телеграм-каналида қуйидагича ёзди:
“Россия менга нисбатан ътерроризмга кўмаклашишъ айблови билан жиноят иши қўзғатди. Ҳар куни ҳукумат россияликларнинг Телеграмъдан фойдаланишини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топмоқда. Бу — шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва сўз эркинлигини бостиришга уринишдир. Ўз халқидан қўрққан давлатнинг аянчли манзараси.”
Бу платформа асосчисига у билан бевосита боғлиқ бўлмаган шахслар фаолияти учун жавобгарлик юклаш билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2024 йил августида Париж прокуратураси ҳам Дуровга нисбатан айбловлар илгари сурган эди. Улар орасида ноқонуний транзаксияларда шериклик, фирибгарлик ҳамда ваколатли органларга зарур маълумот ёки ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиш айбловлари мавжуд бўлган.
Дуров қўлга олингач, 5 миллион евро гаров эвазига озод этилган. Ҳозирда у суд назорати остида бўлиб, мунтазам равишда полицияда рўйхатдан ўтиб туриши шарт.









