12 012.120 so‘m

increase

32.290

13 935.260 so‘m

increase

30.270

166.120 so‘m

increase

1.130

12 012.120 so‘m

increase

32.290

2 соат аввал
Банк
49

“Ошган энергия тарифлари, юқори ички талаб ва ташқи иқтисодий ноаниқликлар” — МБ асосий ставка ўзгаришсиз қолгани ҳақида

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди.

Регулятор қарорни энергия тарифлари ошишининг иккиламчи таъсири, юқори ички талаб ва ташқи иқтисодий ноаниқликлар билан изоҳлади.

Инфляцион кутилмалар пасайиб, базавий инфляция прогнози яхшиланса, кейинчалик ставкани босқичма-босқич тушириш учун асослар юзага келиши мумкин.

“Ошган энергия тарифлари, юқори ички талаб ва ташқи иқтисодий ноаниқликлар” — МБ асосий ставка ўзгаришсиз қолгани ҳақида
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк бошқаруви 17 июндаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Регулятор инфляциянинг пасайганига қарамай, ички талабнинг юқорилиги, энергия тарифлари ошиши ва ташқи иқтисодий хатарлар қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришни талаб қилаётганини билдирди.

Май ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция 5,5 фоизгача пасайди. Марказий банк буни, асосан, ўтган йили энергия тарифлари оширилишининг инфляцияга бевосита таъсири ҳисоб-китоблардан чиқиб кетгани билан изоҳлади.

Бироқ нархлар ўсишининг барқарор таркибий қисми юқорилигича қолмоқда. Хусусан, базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этди. Хизматлар нархининг ўсиши секинлашган бўлса-да, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляциясида тезлашиш кузатилди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этмоқда. Молия соҳаси экспертларининг узоқ муддатли прогнозлари ҳам яхшиланган. Шунга қарамай, чакана савдо, хизматлар, туризм ва инвестицияларнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётдаги ялпи талаб кучли бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги ойларда бюджет харажатларининг фаоллашиши келгуси чоракларда иқтисодий ўсиш ва истеъмол талабини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Марказий банк июнь ойидан энергия ресурслари тарифларининг оширилиши инфляцияга қисқа муддатли таъсир қилишини қайд этди. Тарифларнинг бевосита таъсиридан ташқари, транспорт, ишлаб чиқариш ва бошқа харажатларнинг кўпайиши орқали иккиламчи инфляцион босимлар ҳам юзага келиши мумкин.

Регулятор 2026 йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида, иқтисодий ўсиш эса 7–7,5 фоиз оралиғида бўлиши ҳақидаги прогнозларини ўзгаришсиз қолдирди.

Марказий банкка кўра, иқтисодиётда шаклланган ижобий реал фоиз ставкалари аҳоли ва бизнесни жамғаришга рағбатлантирмоқда, кредитлашнинг мувозанатли ўсишини таъминламоқда ҳамда инфляцион босимларни чеклашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва энергия нархларининг ўзгарувчанлиги, логистика харажатларининг ошиши ҳамда ташқи молиявий ресурсларнинг қимматлигича қолиши асосий хатарлар сифатида кўрсатилди.

Марказий банк инфляцион кутилмалар изчил пасайиб, тарифлар ошишининг иккиламчи таъсири чекланган ҳолда базавий инфляция прогнози яхшиланса, келгусида пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатиш учун асослар юзага келишини маълум қилди.


Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 29 июль кунига белгиланган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+