11 825.400 so‘m

decrease

-5.470

13 483.320 so‘m

increase

32.800

140.340 so‘m

increase

1.070

11 825.400 so‘m

decrease

-5.470

16 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
78

Ошган банклар фойдаси, пасайган омонат ставкалари ва қимматлашган пропан — ҳафта дайжести

Ортда қолган ҳафтада Ўзбекистон банкларининг соф фойдаси 68 фоизга ошгани, хусусий банклар давлат банкларидан икки баравар тезроқ ўсаётгани маълум бўлди. 

Аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка 5,5 йиллик минимумга тушди, пропан эса икки савдо кунида 65 фоизга қимматлашди. Шунингдек, Open Banking’ни жорий этиш режаси тасдиқланди ва ANORBANK акциядори Қаҳрамонжон Олимовга нисбатан Интерпол қизил хабарномаси эълон қилинди. 

Pinkod 21–27 сентябрь кунларидаги асосий иқтисодий, молиявий ва технологик янгиликларни жамлади. 

Ошган банклар фойдаси, пасайган омонат ставкалари ва қимматлашган пропан — ҳафта дайжести

Хусусий банклар давлат банкларидан икки баравар тезроқ ўсмоқда

Давлат улуши бўлмаган банклар активлари бир йилда 29 фоизга ошиб, 386 трлн сўмга етди. Давлат банкларида ўсиш 14 фоизни ташкил қилди. Натижада давлат банкларининг тизим активларидаги улуши қарийб 3 фоиз пунктга камайиб, 62 фоизга тушди. Батафсил

Банклар соф фойдаси 68 фоизга ошди

Банклар январь–июль ойларида 12,34 трлн сўм соф фойда олди. Ўтган йилга нисбатан ўсиш қарийб 5 трлн сўмни ташкил қилди. Соф фоиз маржаси 9,3 фоизга ошган бир пайтда, нофоиз даромадлар 48 фоизга кўпайиб, 61,5 трлн сўмга етди. Батафсил

Аҳоли омонатлари ставкалари 5,5 йиллик минимумга тушди

Августда жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли омонатлари бўйича ўртача ставка 18,4 фоизгача пасайди. Кўрсаткич бир ойда 0,5 фоиз пунктга, бир йилда эса 3 фоиз пунктга тушди. Бу 2021 йил февралидан бери қайд этилган энг паст даража. Батафсил

Депозитларда доллар улуши 19 фоизгача камайди

Банклардаги хорижий валюта депозитларининг умумий депозитлардаги улуши бир йилда 24 фоиздан 19 фоизга тушди. Шу даврда сўмдаги депозитлар 42,6 фоизга ошган бўлса, хорижий валютадаги маблағлар атиги 6,6 фоизга кўпайди. Батафсил

Ўзбекистонда Open Banking жорий этилади

Марказий банк 2026–2030 йилларга мўлжалланган FinTech стратегиясини тасдиқлади. Ҳужжат Open Banking ва Open Finance, очиқ API стандартлари, янги рақамли идентификация инфратузилмаси ҳамда минтақавий тўлов тизимларини ривожлантиришни назарда тутади. Батафсил

Давлат банклари 20 та янги маҳсулот таклиф қилиши керак

Тўққизта давлат банкига бир ой ичида бизнесни ривожлантиришга кўмаклашувчи 20 та янги маҳсулот ишлаб чиқиш топширилди. Янги ёндашувда кредит беришда гаровдан ташқари бизнеснинг пул оқими, шартномалари, дебиторлик қарзи ва товар айланмаси ҳам ҳисобга олинади. Батафсил

Марказий банк BlackRock билан ҳамкорлик қилади

Марказий банк дунёдаги энг йирик инвестицияларни бошқарувчи компаниялардан бири BlackRock билан халқаро захираларни бошқариш бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганади. Томонлар активларни тақсимлаш, инвестиция портфелини шакллантириш ва хатарларни бошқариш бўйича тажриба алмашади. Батафсил

Tezcoin микромолия бозорининг 36 фоизини эгаллади

Микромолия ташкилотлари активлари бир йилда қарийб икки баравар ошиб, 18,9 трлн сўмга етди. Uzum Nasiya микроқарзларини берувчи Tezcoin’нинг ўзи сектор активларининг 36 фоизини, кредит портфелининг эса 37,8 фоизини жамлаган. Батафсил

Пропан икки кунда 65 фоизга қимматлашди

Биржа савдоларида пропаннинг бир тоннаси 7,4 млн сўмдан 12,2 млн сўмгача ошди. Кескин ўсиш суюлтирилган газ нархига қўйилган 10 фоизлик чеклов бекор қилинганидан кейин юз берди. Батафсил

Тошкент марказидаги 3,2 гектар давлат мулки савдога чиқарилди

Анҳор бўйидаги иккита йирик давлат кўчмас мулки 660,2 млрд сўм бошланғич нархда аукционга қўйилди. Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар яшил ҳудудда эса автотураргоҳ ва хиёбон қуриш режалаштирилмоқда. Анҳор бўйидаги объектлар | Автотураргоҳ лойиҳаси

ANORBANK акциядори Интерпол қидирувига берилди

ANORBANK Кузатув кенгаши аъзоси ва банкнинг 49,4 фоиз акцияси эгаси Қаҳрамонжон Олимовга нисбатан Интерпол қизил хабарномаси эълон қилди. Интерполнинг очиқ қайдида қидирувга сабаб бўлган айблов кўрсатилмаган. Батафсил

Банк ходимлари мижоз омонатидан $300 минг ўзлаштиргани айтилмоқда

Тошкентда тижорат банкларидан бирининг масъул шахслари мижознинг $500 минглик омонатидан $300 мингни қалбаки ҳужжатлар орқали ўзлаштиргани аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Батафсил

“Микрокредитбанк” раҳбариятида ўзгаришлар бўлди

Банк кузатув кенгашига тўрт нафар янги мустақил аъзо сайланди. Шунингдек, бошқарув раиси ўринбосари Содир Мелибаев лавозимидан кетиб, банкда IT бўйича маслаҳатчи этиб тайинлангани маълум қилинди. Кузатув кенгаши | Содир Мелибаев

YouTube монетизацияси Google билан муҳокама қилинди

Саида Мирзиёева Google вице-президенти Каран Бҳатия билан Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ишга тушириш масаласини муҳокама қилди. Унинг таъкидлашича, шахсга доир маълумотлар ва рақамли тўловлар бўйича қонунчилик такомиллаштирилган. Батафсил

Meta 100 граммли VR-кўзойнакни тақдим этди

Meta Connect 2026 конференциясида 100 граммли Meta VR Glasses, камерасиз Ray-Ban Meta Audio ва Muse сунъий интеллект агенти учун алоҳида қурилма намойиш қилинди. VR-кўзойнак 2027 йил баҳорида $1 300 дан сотувга чиқарилади. Батафсил

Марко Рубио Ўзбекистонга 100 дан ортиқ АҚШ компанияси раҳбарларини олиб келади

АҚШ давлат котиби октябрь ўрталарида йирик бизнес делегацияси билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Самарқандда ўтадиган музокараларда савдо, инвестиция, энергетика хавфсизлиги ва Марказий Осиёдаги иқтисодий алоқалар муҳокама қилинади. Батафсил

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+