11 937.890 so‘m

decrease

-10.690

13 769.160 so‘m

decrease

-24.280

141.760 so‘m

decrease

-2.530

11 937.890 so‘m

decrease

-10.690

Якин 8 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
25

Оқ уй Хитой товарлари қайта йўналтирилиши мумкин бўлган 40 дан ортиқ давлатни санади — рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор

Оқ уй Хитой товарларини ноқонуний қайта жўнатиш хавфи мавжуд бўлган 40 дан ортиқ давлатни уч гуруҳга ажратди. Биринчи икки гуруҳга катта савдо ҳажми ва Хитой таъминот занжирлари билан юқори интеграцияга эга мамлакатлар киритилган. Ўзбекистон эса аниқланган транзит ҳажми нисбатан паст, бироқ бундай йўналиш сифатида ишлатилиши мумкин деб баҳоланган учинчи гуруҳдан жой олди.

Оқ уй Хитой товарлари қайта йўналтирилиши мумкин бўлган 40 дан ортиқ давлатни санади — рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор

Бу ҳақда АҚШ Оқ уйининг Савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати идораси август ойида эълон қилган “The Great Transshipment Scam” ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳужжат ноқонуний қайта жўнатишни юқори бож қўлланадиган мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотни пастроқ тарифга эга учинчи давлат орқали АҚШга олиб кириш сифатида изоҳлайди. Бунда товар қайта қадоқланиши, ёрлиғи ёки ҳисоб-фактураси алмаштирилиши, кичик ҳажмда қайта ишланиши ёхуд келиб чиқиш мамлакати нотўғри кўрсатилиши мумкин.

Оқ уйга кўра, бундай схемалардан фойдаланиш 2018 йилда АҚШ Хитой маҳсулотларига қўшимча божлар жорий қилганидан кейин кенгайган. Натижада аввал Хитойдан тўғридан тўғри етказиб берилган айрим маҳсулотлар учинчи давлатлар орқали экспорт қилина бошлаган.

Ҳисоботда бу тизим “яширин қайта жўнатиш тармоғи” деб аталган. Унинг таркибига ишлаб чиқариш майдонлари, эркин иқтисодий зоналар, божхона омборлари, логистика платформалари ва қайта экспорт марказлари кириши қайд этилган.

Ўзбекистон учинчи гуруҳга киритилди

Оқ уй қайта жўнатиш хавфи мавжуд давлатларни уч гуруҳга ажратган.

Биринчи гуруҳга Хитой билан боғлиқ товарлар катта ҳажмда ўтадиган Канада, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Исроил, Япония, Мексика, Жанубий Корея ва Тайван киритилган.

Иккинчи гуруҳдан Хитой таъминот занжирларига чуқур интеграциялашган Бразилия, Индонезия, Малайзия, Таиланд, Туркия ва Вьетнам жой олган.

Ўзбекистон эса ноқонуний қайта жўнатиш ҳажми нисбатан кичик, бироқ Хитой товарларини йўналтириш учун фойдаланилиши мумкин бўлган давлатларни бирлаштирувчи учинчи гуруҳга киритилган.

Ушбу гуруҳдан, шунингдек, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Бангладеш, Камбоджа, БАА, Уммон, Панама, Сингапур, Швейцария ва яна қатор мамлакатлар жой олган.

Оқ уй бу гуруҳдаги давлатларнинг хавф омиллари сифатида арзон ишчи кучи, эркин иқтисодий зоналар, порт ёки чегара инфратузилмаси, божхона омборлари, кичик йиғув қувватлари ва божхона назоратининг чекланган имкониятларини кўрсатган. Бироқ ҳужжатда ушбу омилларнинг қайси бири айнан Ўзбекистонга тегишли экани очиқланмаган.

Алоҳида таснифда Ўзбекистон Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия билан бирга “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг қуруқликдаги транзит тугунлари қаторида қайд этилган. Ҳисоботга кўра, бундай йўналишлар темирйўл ва қуруқлик портлари орқали юкларни бирлаштириш ҳамда уларни денгиз транспортига топширишда ишлатилиши мумкин.

Ўзбекистон “йирик фирибгарликда” айбландими?

Daryo.uz ушбу хабарни “Троя оти: АҚШ 40 дан ортиқ давлатни йирик фирибгарликда айблади. Рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор” деган сарлавҳа билан эълон қилди.

Бироқ Оқ уй ҳисоботида Ўзбекистоннинг муайян фирибгарлик ёки божхона қоидабузарлигини содир этгани ҳақида алоҳида далил келтирилмаган. Мамлакат “ноқонуний қайта жўнатиш хавфи мавжуд” юрисдикциялардан бири сифатида таснифланган.

Яъни АҚШ маъмурияти Ўзбекистон ҳудудидаги транспорт ва логистика йўлаклари Хитой товарларини қайта йўналтириш учун ишлатилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу Ўзбекистонда бундай ҳолат аниқлангани ёки мамлакат расмийлари ушбу жараёнда қатнашганини англатмайди.

Ҳисобот муаллифлари ҳам Хитойдан тўғридан тўғри импортнинг қисқариши ва учинчи давлатлардан етказиб беришнинг ошиши барча ҳолатларда ноқонуний қайта жўнатишни исботламаслигини тан олган. Савдо оқимидаги ўзгаришларнинг бир қисми ишлаб чиқариш, инвестициялар ва таъминот занжирларининг қонуний равишда бошқа давлатларга кўчиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу сабаб Ўзбекистоннинг рўйхатга киритилишини “йирик фирибгарликда айбланиш” эмас, АҚШ томонидан потенциал хавфли транзит йўналиши сифатида баҳоланиш деб талқин қилиш аниқроқ.

Ноқонуний қайта жўнатиш ҳажми $40 млрддан $303 млрдгача баҳоланган

Ҳисоботда Хитой билан боғлиқ ноқонуний қайта жўнатишнинг йиллик ҳажми турли методологиялар асосида $40 млрд билан $303 млрд оралиғида баҳоланган:

  • Goldman Sachs — қарийб $40 млрд;
  • Оқ уй Иқтисодий маслаҳатчилар кенгаши — $34,2–89,6 млрд;
  • Exiger — қарийб $75 млрд;
  • АҚШ Савдо вазирлиги — $109 млрдлик савдо оқими ўзгариши;
  • Altana — $303 млрдгача бўлган юқори хавф чегараси.

Ушбу кўрсаткичларни қўшиб ҳисоблаш мумкин эмас. Улар турли маълумотлар, товар гуруҳлари ва баҳолаш усулларига асосланган. Бундан ташқари, $109 млрдлик савдо оқими ўзгаришининг бир қисми қонуний ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларидаги ўзгаришларни ҳам қамраб олиши мумкин.

Ҳисоботнинг $75 млрдлик марказий сценарийсида АҚШнинг йўқотилган бож тушумлари йилига $19–34 млрдга баҳоланган. Муаллифларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу 450 мингга яқин иш ўрнининг қисқариши, ялпи ички маҳсулотнинг $113–150 млрдга камайиши ва федерал бюджет тушумларининг $19–26 млрдга пасайишига олиб келиши мумкин.

Бироқ бу рақамлар амалда кузатилган натижалар эмас, балки иқтисодий модель асосида шакллантирилган тахминлардир.

АҚШ импортчилар устидан назоратни кучайтиради

Дональд Трамп 2026 йил 3 июнда божхона назоратини кучайтириш бўйича фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ, импорт қилувчилардан мулкдорлари, бизнес алоқалари, ички активлари ва кутилаётган импорт ҳажми ҳақида қўшимча маълумот талаб қилинади. Айрим товарлар бўйича ишлаб чиқарувчи, маҳсулот таркиби ва таъминот занжири тафсилотлари ҳам очиқланиши керак.

Оқ уй, шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида юкларнинг йўналиши, декларациядаги келиб чиқиш мамлакати, маҳсулот таркиби ва экспортчи давлатдаги ишлаб чиқариш қувватини таққослайдиган “Detective Border” тизимини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Натижада Ўзбекистондан АҚШга экспорт қилинадиган айрим маҳсулотларнинг келиб чиқиши, Хитой компонентларининг улуши ва мамлакатда амалга оширилган қайта ишлаш даражаси чуқурроқ текширилиши мумкин.

Ҳозирча эса Ўзбекистон ёки мамлакат компанияларига қарши алоҳида текширув, қўшимча бож, санкция ёхуд АҚШ бозорига киришни чеклаш чораси эълон қилинмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+