OpenAI ChatGPT учун ойига $500лик Pro Max тарифини тайёрламоқда — ОАВ
OpenAI ChatGPT учун ойига $500 туриши мумкин бўлган янги “Pro Max” обуна режасини синовдан ўтказмоқда. Ҳозирча расман эълон қилинмаган тариф мавжуд $200лик Pro режасидан 2,5 баравар қиммат бўлиши мумкин ва асосан Work ҳамда Codex’да юқори тезлик таклиф қилиши кутилмоқда.

ChatGPT интерфейсида “Pro Max” деб номланган янги обуна варианти пайдо бўла бошлади, деб ёзмоқда BleepingComputer TestingCatalog аниқлаган маълумотларга таяниб. Синов саҳифаларидан бирида тариф нархи ойига $500, солиқлар ёки ҚҚС қўшилган бошқа вариантда эса $600 этиб кўрсатилган.
Янги тариф тавсифида унинг асосий устунликларидан бири “Fastest Work and Codex”, яъни ChatGPT Work ва Codex’дан энг юқори тезликда фойдаланиш имконияти экани кўрсатилган. Бундан ташқари, Pro Max энг кучли моделлар, максимал хотира, 100 GB файл сақлаш ҳажми ва янги функцияларга эрта киришни таклиф қилиши мумкин.

Бироқ OpenAI ҳозирча “Pro Max” тарифини расман тақдим этмаган. Шу сабабли унинг якуний нархи, фойдаланиш лимитлари, қайси давлатларда ва қачондан ишга туширилиши номаълум.
Айни пайтда OpenAI’нинг Pro обунаси ойига $100 ва $200лик вариантларда мавжуд. Компания маълумотига кўра, $100лик тариф Plus’га нисбатан беш баравар, $200лик тариф эса 20 баравар юқори фойдаланиш лимитларини беради. 10 сентябрдан эса янги фойдаланувчилар учун $200лик Pro тарифига уланиш ва унга ўтиш вақтинча тўхтатилган.
Агар Pro Max айнан $500 нархда ишга туширилса, у $200лик юқори Pro тарифидан 150 фоиз қимматроқ бўлади. BleepingComputer унинг юқори тезлиги OpenAI фойдаланаётган Cerebras инфратузилмаси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, бироқ OpenAI ҳам, Cerebras ҳам Pro Max учун бундай боғлиқликни тасдиқламаган.









