Олтин нархи тарихда илк бор 4 400 доллардан ошди. Бунинг сабаби нимада?
Савдолар давомида қимматбаҳо металлнинг бир унцияси 4 410 долларгача кўтарилиб, тарихда илк бор 4 400 доллар чегарасидан ошди. Бир кун ичида олтин нархи 1,5 фоизга ёки 66,6 долларга қимматлашди.

Олтин нархлари тарихда илк бор 4 400 доллар чегарасидан ошди. Бунга АҚШда фоиз ставкалари янада пасайтирилиши кутилаётгани ҳамда хавфсиз активларга бўлган кучли талаб сабаб бўлди.
Жаҳон бозорларида олтиннинг бир унцияси нархи 4 410 долларгача кўтарилди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металл 4 404 доллар атрофида савдо қилинмоқда. Бир кун ичида олтин нархи 1,5 фоизга ёки 66,6 долларга ошди.
Айни пайтда бир грамм соф олтиннинг нархи 141,6 долларни ташкил этмоқда. Февраль ойида етказиб бериладиган АҚШ олтин фьючерслари эса 1 фоизга қимматлашиб, бир унция учун 4 430,30 долларга етди.

Ўзбекистонда Марказий банк томонидан чиқарилган олтин қуймалари нархи ҳозирда қуйидагича:

Жорий йил бошидан буён олтин нархи 67 фоизга ошиб, бир нечта рекордларни янгилади ҳамда тарихда илк бор 3 000 ва 4 000 доллар чегараларидан ошди. Олтин 1979 йилдан бери энг катта йиллик ўсишга эришиши кутилмоқда.
Анъанавий равишда хавфсиз актив ҳисобланган олтин геосиёсий ва савдо зиддиятларининг кучайиши, марказий банкларнинг барқарор харидлари ҳамда келаси йилда фоиз ставкалари пасайиши кутилаётгани фонида қўллаб-қувватланмоқда.
АҚШ долларининг заифлашуви ҳам олтин нархига қўшимча туртки берди, чунки бу металлни хорижий харидорлар учун арзонроқ қилади.
Бозорлар ҳозирда Федерал резерв тизими эҳтиёткорона позицияда бўлишига қарамай, келаси йилда икки марта фоиз ставкалари пасайтирилишини нархларга киритмоқда. Даромад келтирмайдиган активлар, масалан олтин, паст фоиз ставкалари шароитида одатда фойда кўради.









