Олтин нархи $3 500 га яқинлашди
Ўзбекистонда 5 граммлик олтин қуймаси нархи илк маротаба 7,4 млн сўмдан ошди.
Жаҳон бозорида эса олтин нархи илк маротаба троя унция учун $3 500 га яқинлашди. Сўнгги савдоларда нарх максимал даражада — $3 495 га етди.

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи рекорд даражага кўтарилди. Банкларда ҳозир олтин қуймасининг грамми 1 млн 493 минг 470 сўмдан сотилмоқда. 5 граммлик қуйма нархи эса 7 млн 467 минг сўмни ташкил этади.
Тўлиқ нархлар:
- 5 грамм — 7 млн 467 минг сўм
- 10 грамм —14 млн 935 минг сом
- 20 грамм — 29 млн 869 минг сўм
- 50 грамм — 74 млн 673 минг сўм
- 100 грамм —149 млн 347 минг сўм
Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш имконияти мавжуд. Банкларнинг манзиллари ва батафсил маълумотларни Марказий банк расмий сайтидан топиш мумкин.
Жаҳон бозорида олтин нархи
Жаҳон бозорида олтин нархи илк маротаба $3 500 га яқинлашди. UBS Group каби етакчи молиявий институтлар бу нархга йил охирига келиб эришилади, деб тахмин қилган эди. Бироқ, олтин бу маррани деярли забт этиб бўлди. Сўнгги савдоларда нарх максимал даражада — $3 495 га етди. Хабар нашр қилинаётган пайтда олтин нархи $3 487 бўлиб турибди.

Нархларнинг кескин кўтарилишига глобал иқтисодий беқарорлик, инфляция хавотирлари, савдо урушлари ва марказий банкларнинг қимматбаҳо металга бўлган кучли талаби асосий сабаб бўлди.
Шунингдек, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Федерал захира тизими раҳбари Жером Пауэллни лавозимидан четлаштириш эҳтимолини кўриб чиқаётгани ҳам олтин нархига таъсир кўрсатган муҳим омиллардан биридир.
Аввалроқ, Goldman Sachs ўз прогнозини янгилаб, олтин нархи йил якунига қадар $3 700 га етишини маълум қилган эди. Банкнинг таъкидлашича, АҚШ иқтисодиётида рецессия (инқироз) эҳтимоли 45 фоизни ташкил қилади. Агар бу сценарий амалга ошса, олтин нархи бундан ҳам юқорига кўтарилиши мумкин.